Саводхонлик синовдан ўтказилди
Гулистон шаҳрида 104 нафар таълим ходими учун давлат тили бўйича ўзига хос билим синови ўтказилди. Унда шаҳардаги мактабгача ва мактаб таълими муассасаларининг раҳбар ва ходимлари иштирок этишиб, ўзбек тилида тўғри ёзиш, фикрни аниқ ифодалаш ва ёзма нутқ маданияти борасидаги билимларини синовдан ўтказишди.
«Оммавий диктант» номи остида ташкил этилган тадбирдан кўзланган асосий мақсад — давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, ўзбек тилидан тўғри ва самарали фойдаланиш кўникмаларини мустаҳкамлаш.

Бугун таълим муассасаларида ҳужжатлар юритишдан тортиб, ўқувчи ва ота-оналар билан мулоқотгача бўлган жараёнларда ёзма ва оғзаки нутқнинг равонлиги муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, таълим соҳасида фаолият юритаётган раҳбар ва ходимларнинг давлат тили меъёрларини пухта билиши ҳамда уларга амал қилиши алоҳида аҳамиятга эга.
«Оммавий диктант» иштирокчиларга ана шу кўникмаларини амалда синаб кўриш имконини берди. Диктант жараёнида имло қоидалари, сўз ва жумла қўллаш, ёзма нутқ маданияти каби жиҳатларга эътибор қаратилди.


Тадбир Гулистон шаҳар ҳокимлиги, шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш Марказининг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.


Унда Марказнинг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ҳамид Ёдгоров ҳамда Гулистон шаҳар ҳокимининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси А. Қувватовлар иштирок этишди.

— Саводхонлик — инсоннинг нафақат билими, балки унинг маданияти ва касбий маҳоратини ҳам намоён этади. Шу маънода, «Оммавий диктант»ни оддий имло синови сифатида эмас, балки ҳар бир иштирокчининг давлат тилига муносабати, ёзма нутқ маданияти ва ўз устида ишлашга бўлган масъулиятини намоён этувчи муҳим мезон деб баҳолаш мумкин. Айниқса, таълим соҳасида фаолият юритаётган раҳбар ва ходимларнинг саводхонлиги юксак бўлиши жуда муҳим. Зеро, саводли ёзув — сифатли иш юритиш, тўғри ва аниқ мулоқот қилиш, энг муҳими, ёш авлодга муносиб намуна кўрсатишнинг муҳим асосидир, — деди Ҳамид Ёдгоров.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири