Соғлом жамият — экологик барқарор келажакнинг пойдевори
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси ходимлари ўртасида "Соғлом турмуш тарзи билан экологик барқарорлик сари" шиори остида спорт форуми бўлиб ўтди.
Партия ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жамоавийлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, спортнинг инсон саломатлиги ва фаол ҳаётидаги муҳим ўрнини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил қилинган тадбир аввалида мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
Форум давомида партия ходимлари спортнинг футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка турлари бўйича ўзаро беллашдилар. Қизғин баҳсларда иштирокчилар нафақат жисмоний тайёргарлик, балки зукколик, тезкор фикрлаш, стратегия ва тактик маҳоратини ҳам намоён этдилар.
Спорт мусобақалари партия тизимида меҳнат қилаётган ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, жамоавий руҳ ва ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилди. Шунингдек, партия ходимларининг жисмоний ва маънавий фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаёт тарзига айлантириш ҳамда экологик масъулиятни янада кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
М.Комилова, ЎзА