Тошкентда Дипломатия ва санъат галереяси очилди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатия хизмати биносида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган Дипломатия ва санъат галереяси очилиши маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Тошкент фотосуратлар уйи билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир мамлакатимизда рўйхатдан ўтган элчихона ва дипломатик ваколатхоналар ходимларини бир жойга тўплади.
Мазкур кўргазма ҳақиқий санъат ишқибозларини мамлакатимизнинг бой маданий мероси, миллий қадриятларимиз ва замонавий тасвирий санъат намуналари билан таништиради. Галереяда таниқли ва ёш ўзбек мусаввирларининг ранг-баранг юртимиз ҳудуди, табиати ҳамда маданий ҳаёти акс этган асарлари тақдим этилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юртимиздаги доимий мувофиқлаштирувчиси Сабина Маҳл ушбу кўргазма юрт жозибадорлигини санъат ёрдамида намойиш этишини таъкидлади:
– Ўзбекистоннинг турли гўшалари – Самарқанд, Орол денгизи, Қорақалпоғистон ва бошқа ҳудудлар тасвирланган асарларни томоша қилиш жуда ёқимли. Анжуман дипломатик корпус таркиби иштирокида ўтаётгани алоҳида аҳамиятга эга. Турли давлатлар вакиллари республикани янги нуқтадан кўриш имконига эга.

БМТ вакили сўзларига кўра, маданият халқаро англашув ва дипломатияни ривожлантиришда муҳим ўрин эгаллайди:
– Маданият алмашинувида сўзга ҳожат йўқ. Зеро, изҳорни мусиқа ёки ранг-тасвир орқали ҳам етказиш мумкин. Бунинг учун умумий тил талаб этилмайди. Бу – барчамиз инсон сифатида англай оладиган туйғу.
Бадиий академия раиси Акмал Нур шундай қўшма лойиҳаларнинг беқиёс аҳамиятини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, экспозициядан асарлари ўрин олган номдор ёки ёш ижодкорларнинг кўпчилиги хорижда турли шахсий ва жамоавий кўргазмаларда иштирок этишга ҳам улгурган.

– Бадиий академия Ташқи ишлар вазирлиги билан анчадан бери яқин ҳамкорлик қилиб келади, – деди Акмал Нур. – Кўплаб хорижий лойиҳаларимиз айнан вазирлик кўмагида амалга оширилмоқда. Бугунги қўшма галерея ҳам ушбу ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Қўшимча қилинишича, келажакда анжуман форматини кенгайтириб, ўзбек санъати билан нафақат дипломатик корпус вакиллари, балки Тошкентда фаолият юритаётган хорижий мутахассислар, компания ва ташкилотларни ҳам таништириш режалаштирилган.

Ташкилотчилар Дипломатия ва санъат галереяси маданий алмашинув, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг замонавий санъатини тарғиб қилиш учун яна бир муҳим майдонга айланишига ишонч билдирдилар.
Ғ.Хонназаров, ЎзА