“Атиргул” кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан хотин-қиз журналистлар ўртасида ўтказилган «Атиргул» кўрик-танлови якунларига бағишланган тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирда Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов, “Атиргул” танлови ҳакамлар ҳайъати раиси, “Саодат” журнали бош муҳаррири Мунаввара Усмонова мамлакатимизда барча жабҳаларда аёл-қизларни фаол қўллаб-қувватлаш Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан олиб борилаётган янгиланиш жараёнларида устувор аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

– Ўзбекистонда журналистика соҳасида ҳам аёл-қизлар самарали ижод қилмоқда, – деди Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов. – Улар турли мавзуларни теран, таҳлилий тарзда ёритишда ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Уюшма аёл ижодкорларни қўллаб-қувватлашга оид бир қатор ижодий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Улардан бири “Атиргул” танловидир. Келусида бу борадаги лойиҳаларни янада кўпайтириш ниятидамиз.
Тақдирлаш маросимида танловнинг 12 та номинацияси бўйича ғолиблар аниқланиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланган ижодий ишлари алоҳида эътироф этилди. Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига янги қабул қилинган 25 нафар аъзога аъзолик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.
– “Атиргул” кўрик-танлови қайта тиклангани Ўзбекистонда ислоҳотларнинг юзага чиқаётгани, яъни хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳимояланаётгани, фуқаролик жамиятининг иши янада олдинга илгарилаётгани ҳамда хотин-қиз журналистларни давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланишининг бир далили бўлиб ҳисобланади, – деди танлов ғолибларидан бири, “Вести Каракалпакстана" газетасининг махсус мухбири Ҳалима Халилаева. – Газетамиз 100 йиллик тарихга эга. Бугун устозларимиз ишини бизлар давом эттираяпмиз. Асосан хотин-қизлар мавзусида ижод қиламан. Ушбу республика танловида ғолиб бўлган барча касбдошларимга янада улкан ижодий зафарлар тилаб қоламан.

– Оддий чекка қишлоқдан келиб, мана шундай журналистика соҳасида, айниқса, аёллар учун камёб бўлган фотожурналистика соҳасида бугун эътироф этилдим ва “Атиргул” мукофотини қўлга киритдим, – деди «Ёшлар овози» газетаси мухбири, “Атиргул” танловининг «Энг яхши фотожурналистик иш» номинацияси ғолиби Холида Мусурмонова. – Фотожурналистика соҳаси журналистикадаги қийин соҳалардан бири ҳисобланади. Шу фаолиятда анчадан буён тажриба орттириб, фотожурналистика соҳасида ижод қилиб келмоқдаман ва эътироф этилиб, бугунги кунда мана шу мукофотни қўлга киритдим. Умуман изланишларим бундай эътирофга сазовор бўлганидан хурсандман.
«Атиргул» кўрик-танлови хотин-қиз журналистларнинг касбий маҳорати ва ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг журналистика соҳасидаги фаолияти ва ижодий изланишларини муносиб эътироф этиш, шунингдек, журналистика ривожига қўшаётган ҳиссасини кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
Мазкур ташаббус журналист аёлларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини янада кучайтириш, уларнинг профессионал ва ижодий имкониятларини намоён этишлари учун янги майдон яратиш ҳамда соҳага янги истеъдодларни жалб этишда муҳим аҳамият касб этади.
“Атиргул” танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир баланд, самимий руҳда ўтди.
Н.Усмонова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА