Очиқ осмон остидаги мусиқий дастур
Ўзбекистон давлат консерваториясига туташ файзли майдонда Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Open Air” гала-концерт – очиқ осмон остидаги мусиқий дастур бўлиб ўтди.
Йирик мусиқий лойиҳа Оркестр ва хор жамоалари ижодий бирлашмаси, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Опера санъати бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Очиқ осмон остида ўтказилган гала-концертда миллий мусиқа санъатимизнинг бой анъаналари, замонавий ижрочилик мактаби ва жаҳон мусиқа меросининг сара намуналари бир саҳнада мужассам бўлди. Дастурда таниқли санъаткорлар, ёш ва иқтидорли ижрочилар, хор жамоаси ҳамда оркестр жамоаси иштирок этди.

Концерт Ўзбекистон халқ артисти, профессор Камолиддин Ўринбоев раҳбарлигидаги Ўзбекистон давлат симфоник оркестри жўрлигида юқори савияда намойиш этилди.
Гала-концертда Ўзбекистон халқ артистлари Аваз Ражабов, Женисбек Пиязов, Самандар Алимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Руслан Гафаров, Маъсума Болтабоева, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Шаҳноза Ёқубжонова, халқаро танловлар совриндорлари Аббосхон Рахматуллаев, Беҳзод Давронов, Рустам Алимардонов, Султонбек Абдураҳимов ҳамда бошқа таниқли ижодкорлар ўз санъатларини намойиш этди.

Концерт дастурининг халқаро миқёсини Россия, Грузия ва Қозоғистондан таклиф этилган таниқли ижрочилар ҳамда халқаро танловлар совриндорлари Марика Мачитидзе, Саргис Бажбеук-Меликян ва Қозоғистонда хизмат кўрсатган арбоб Талгат Мусабаевнинг чиқишлари янада бойитди.
Дастур давомида ўзбек ва жаҳон мусиқа санъатининг ёрқин намуналари янгради. Хусусан, Сулаймон Юдаков, Мухтор Ашрафий, Пётр Чайковский, Жузеппе Верди, Жакомо Пуччини, Жоаккино Россини каби буюк композиторларнинг асарлари ижро этилди.

Гала-концертнинг юксак бадиий савиясини таъминлашда халқаро танловлар совриндори, профессор Юлдуз Ҳуснутдинова, шунингдек, ёш дирижёрлар — Аббосбек Ваҳобов, Бобур Қурбоналиев, Акмал Сатторов, Мирас Хабипов, Ҳусанбой Раҳимбердиев каби ижодкорларнинг меҳнатлари алоҳида аҳамият касб этди.
Очиқ осмон остида жуда жўшқин руҳда ўтказилган гала-концерт Мустақиллик байрамининг тантанали руҳини тараннум этиш билан бирга миллий ва жаҳон мусиқа санъатини кенг тарғиб қилиш, ёш ижрочиларнинг ижодий салоҳиятини намоён этиш ҳамда улар учун янги ижодий имкониятлар яратишга хизмат қилган йирик маданий лойиҳа сифатида томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Н.Усмонова, ЎзА