Тошкент ярим марафони олдидан якуний тайёргарлик синовдан ўтказилди
Жорий йил 6 сентябрь куни пойтахтимизда Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан навбатдаги Тошкент халқаро ярим марафони бўлиб ўтади.
Нуфузли спорт тадбирида иштирокчилар 21 ва 5 километр масофаларда югуриб, ғолиблик учун баҳс олиб боради. Мусобақани юқори савияда, хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда ўтказиш мақсадида ишчи гуруҳ томонидан тайёргарлик ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Навбатдаги йиғилиш доирасида ярим марафоннинг бош репетицияси ўтказилиб, мусобақа трассалари ва зарур инфратузилманинг ҳолати атрофлича ўрганилди.
Хусусан, мусобақа вақтида ёпиладиган кўчалар ва йўл қисмларининг ҳолати, трассаларнинг созлиги ҳамда йўл чизиқлари кўздан кечирилди. Йўл инфратузилмасида спортчилар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлган омиллар мавжудлиги ҳам текширилди.
Шунингдек, қўшимча ўрнатилган 14 та видеокузатув камерасининг «Хавфсиз шаҳар» тизимига уланиши, фан-зоналар, ичимлик суви ва озиқ-овқат нуқталари, ҳакамлар ҳамда волонтёрлар фаолият юритадиган ҳудудлар, ўлчаш воситаларининг жойлашуви кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, хавфсизлик схемасига киритилган бошқа инфратузилмалар, куч ва воситаларнинг жойлашуви, электр энергияси ҳамда алоқа хизматларининг барқарор ишлашини таъминлаш чоралари амалиётда синовдан ўтказилди.
Бош репетиция давомида халқаро мусобақани ўтказиш учун зарур бошқа шарт-шароитларнинг тайёргарлик даражаси ҳам баҳоланди.
Мазкур амалий машғулотлар мусобақа куни барча хизматларнинг ҳамжиҳат, тезкор ва самарали фаолият юритишини таъминлашга хизмат қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА