"Pro Tur" мусобақасининг ғолиблари аниқланди
Тошкентда ўтган Pro Tur стол тенниси мусобақаси якунланди. Муросасиз беллашувлар кимларни шоҳсупага олиб чиқди?
Тошкент шаҳрида стол тенниси бўйича Pro Tur яккалик мусобақаси якунига етди. Мусобақанинг эркаклар ва аёллар ўртасидаги баҳсларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Эркаклар ўртасидаги ҳал қилувчи баҳсда Шоҳруҳ Искандаров ва Қутбидилло Тешабоев ғолиблик учун куч синашди. Муросасиз кечган финал якунига кўра, Шоҳруҳ Искандаров рақибини ортда қолдириб, мусобақа ғолибига айланди. Қутбидилло Тешабоев кумуш медалга сазовор бўлди. Зоҳид Кенжаев ва Мусобек Тўлиев бронза медалларини қўлга киритди.
Аёллар ўртасидаги финалда Марҳабо Магдиева ва Мафтуна Ғулимова бош соврин учун баҳс олиб борди. Якунда Марҳабо Магдиева ғалаба қозониб, Pro Tur мусобақасининг аёллар ўртасидаги ғолибига айланди. Мафтуна Ғулимова кумуш медаль билан кифояланди. Мафтуна Элмуродова ва Шоира Қодирова бронза медалларига эга чиқди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА