Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Фарҳод” чегара божхона пости орқали мамлакатимиздан чиқиб кетиш мақсадида ҳаракатланган фуқаронинг бошқарувидаги “Электроскутер” транспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилди.
Назорат жараёнида йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлмаган 4 минг 464 дона парфюмерия маҳсулоти аниқланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу маҳсулотларнинг қиймати 177 миллион сўмни ташкил этган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
***
Бола саломатлиги — жамият келажагини белгилайдиган муҳим омиллардан. Шу боис болаларда учрайдиган касалликларни барвақт аниқлаш, ўз вақтида даволаш ва оғир асоратларнинг олдини олишга қаратилган тиббий кўрикларнинг аҳамияти катта.
Бекобод туманида Болалар миллий тиббиёт маркази мутахассислари иштирокида ташкил этилган кенг қамровли тиббий кўриклар давомида 100 нафардан ортиқ бола чуқур текширувдан ўтказилди. Жараёнда туғма юрак нуқсони аниқланган болаларнинг ҳар бири бўйича индивидуал даволаш чоралари белгиланди. Эътиборли жиҳати, мураккаб ҳолатлар бўйича зарур тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш мақсадида ҳудуднинг ўзида бир нафар болага мураккаб кардиожарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Натижада ундаги туғма юрак нуқсони бартараф этилди.

Қолган беморларга ҳам тиббий кўрсатмалар асосида зарур жарроҳлик амалиётлари амалга оширилади. Мазкур ишлар Болалар миллий тиббиёт маркази ҳамда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассисларининг ўзаро ҳамкорлиги асосида олиб борилмоқда.
***
Оҳангарон туманида 2027 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги ишларини олдиндан ташкил этиш, хусусан, боғ ва токзорлар қатор ораларидан самарали фойдаланиб, тўқсонбости экинларини етиштиришга эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида амалий семинар ўтказилди. Унда экинларни қатор ораларига ўз вақтида жойлаштириш, сифатли уруғлик танлаш, экиш муддатларига риоя қилиш ва зарур агротехник тадбирларни сифатли бажариш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, қатор ораларидан фойдаланишда боғ ва токзорлар ривожига салбий таъсир кўрсатмайдиган экинларни танлаш, сув ва озуқа ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.
А.Мусаев,ЎзА