Ўзбекистон ва Буюк Британия стандартлаштириш соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Францияда бўлиб ўтган Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO) Бош ассамблеяси йиғилиши доирасида Ўзбекистон ва Буюк Британия вакиллари ўртасида учрашув ўтказилди.
Мулоқотда стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш ва бозор назорати соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида миллий стандартлаштириш тизимларини такомиллаштириш, халқаро стандартларни амалиётга самарали жорий этиш, шунингдек, маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини таъминлашда замонавий бозор назорати механизмларидан фойдаланиш бўйича фикр алмашилди.
Томонлар Буюк Британиянинг ушбу йўналишдаги илғор тажрибасини ўрганиш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма семинар ва тренинглар ташкил этиш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.
Учрашув якунида стандартлаштириш ва бозор назорати соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, масъул ташкилотлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда истиқболдаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш бўйича келишувларга эришилди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА