Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Олмалиқ давлат техника институтида “Сувни биргаликда асраймиз” лойиҳаси доирасида талаба-ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, сув ресурсларидан оқилона ва тежамкор фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Ташкилий-кадрлар ва бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Раҳматов Муҳаммад Юсуф Али Мамадали ўғли иштирок этиб, ёшлар билан мулоқот қилди. Суҳбатда сувнинг бебаҳо табиий бойлик экани, ундан масъулият билан фойдаланиш, сув ресурсларини асраш ва уларнинг келажак авлод учун барқарорлигини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, сувни исроф қилмаслик, кундалик ҳаётда ундан тежамкор фойдаланиш, экологик муаммоларга бефарқ бўлмаслик ва табиатга масъулиятли муносабатни шакллантириш масалалари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
***
Ангрен шаҳридаги 4-сонли техникумнинг янги биноси тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Касбий таълим агентлиги вакиллари, хорижий ҳамкорлар, соҳа мутахассислари, педагоглар ва ёшлар иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, бугун техникумлар нафақат назарий билим, балки ёшларни касбга ва меҳнат бозори талабларига мос амалий кўникмаларга эга мутахассис сифатида тайёрлаши муҳим. Янги бино 855 ўринга мўлжалланган. Бу ерда фаоллар ва спорт заллари, 100 ўринли ўқувчилар турар жойи, 150 ўринли ошхона, шунингдек, замонавий ўқув устахоналари мавжуд.

Мажмуа “TATNEFT” компаниясининг қарийб 50 миллиард сўмлик ҳомийлик маблағлари ҳисобидан таъмирланиб, замонавий талаблар асосида жиҳозланган. Техникум ўқув устахоналари токарлик дастгоҳлари, электр ва газ пайвандлаш, чилангарлик ускуналари ҳамда кимё лабораторияси билан таъминланган. Янги таълим масканида яратилган шароитлар ёшларга танлаган касби бўйича назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш ва замонавий касбий кўникмаларни эгаллаш имконини беради.
***

Паркент тумани Сумча қишлоғида маҳаллий туризмни ривожлантириш мақсадида 20 ўринли оилавий меҳмон уйи ҳамда “Қадриятлар музейи” ташкил этилди.
Музейда халқимизнинг миллий урф-одат ва анъаналари, совчиликдан тортиб бешик маросимигача бўлган жараёнлар, қишлоқ ҳаёти, миллий кийимлар, ҳунармандчилик ва қўл меҳнати намуналари намойиш этилган. Янги маскан сайёҳларга ўзбек халқининг бой миллий мероси ва турмуш тарзи билан яқиндан танишиш имконини бериши билан аҳамиятли.
А.Мусаев,ЎзА