Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ўрта Чирчиқ туманида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва замонавий рақамли технологияларни соҳага кенг жорий этиш мақсадида тиббиёт муассасалари зарур техник воситалар билан таъминланмоқда.
Айни пайтда туманда 145 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларга тиббий хизмат кўрсатиш жараёнларини янада қулай ва самарали ташкил этиш мақсадида туман тиббиёт муассасаларига инфокиоск ва планшетлар тарқатилди.
Мазкур қурилмалардан фойдаланиш орқали тиббий маълумотларни электрон шаклда юритиш, беморлар ҳақидаги маълумотларни тезкор олиш ва хизмат кўрсатиш жараёнларини рақамли технологиялар асосида ташкил этиш имкониятлари кенгаяди.
***
Юртимизга кириш учун “Навоий” чегара божхона постига пиёда кириб келган фуқаронинг қўл юклари белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди. Божхона назорати давомида йўловчининг қўл юклари орасидан оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, жами 344 грамм заргарлик буюмлари аниқланди.

Аниқланган заргарлик буюмларини фуқаро Ўзбекистон Республикасига қайта сотиш мақсадида олиб кираётгани маълум бўлди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Амалдаги тартибга кўра, жисмоний шахслар 2025 йилнинг 20 июлидан эътиборан шахсий эҳтиёж учун мўлжалланган заргарлик буюмларини нотижорат мақсадларида республикага олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормалари доирасида олиб киришлари мумкин.
***
Тошкент туманида “Устоз-шогирд” анъанаси асосида саватчилик ҳунармандлари кластерини ривожлантиришга бағишланган тадбир ўтказилди. Асосий мақсад “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган, шунингдек, вақтинча ишсиз бўлган минг нафар фуқарони касб-ҳунарга ўргатиш ва доимий даромад манбаи билан таъминлашдир.

Тадбирда туман ҳокимлиги масъуллари саватчилик ҳунарини ўрганиш истагидаги фуқароларга лойиҳа доирасидаги имкониятлар тушунтирилди. Хусусан, ҳунар ўрганувчилар зарур хомашё билан таъминланиши таъкидланди. Лойиҳа доирасида фуқаролар уй шароитида тол новдаларидан сават тўқиб, даромад олиш имкониятига эга бўлади. Маълум қилинишича, ушбу ҳунар орқали бир оила ҳафтасига ўртача 1–2 миллион сўм кафолатланган даромад топиши мумкин.
А.Мусаев,ЎзА.