Тошкент вилояти ва Бошқирдистон ҳамкорлиги кенгаяди
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳамда Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров иштирокида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Унда томонлар икки ҳудуд ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат ва бошқа устувор йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Хусусан, кейинги йилларда Тошкент вилояти ва Бошқирдистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Таъкидланганидек, Президентимизнинг тегишли қарори асосида умумий қиймати 235,7 миллион АҚШ долларига тенг бўлган еттита инвестиция лойиҳаси жойларда амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда янги иш ўринлари ташкил этишга хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашувда Бекобод технопаркини ривожлантириш, унинг инфратузилмасини такомиллаштириш ва фаолиятини янада жадаллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, қўшма саноат корхоналарини ташкил этиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш суръатини ошириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. Томонлар истиқболли қўшма ташаббусларни рўёбга чиқариш ва шериклик муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича ўзаро таклифларни кўриб чиқди.
Онлайн учрашув якунида мавжуд инвестиция лойиҳалар ижросини жадаллаштириш, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш ҳамда Тошкент вилояти ва Бошқирдистон ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.
А.Мусаев, ЎзА