Тошкент туризм форуми – янги инвестиция лойиҳалари учун қулай майдон
Туризм бугун шунчаки саёҳат эмас, балки иқтисодий ўсиш, халқаро ҳамкорлик ва янги сармоя учун муҳим йўналишга айланмоқда. Шу нуқтаи назардан Тошкентда бошланган халқаро тадбирлар соҳанинг бугунги имконияти ва келгуси истиқболини муҳокама қилиш учун имкон яратди.
Ўттиз йиллик тарихга эга “Ипак йўлида туризм” ярмаркаси ва пойтахтимизда илк бор ташкил қилинган Халқаро туризм инвестиция форуми жаҳон туризм бозори етакчиларини бирлаштирди. Беларусь, Германия, Грузия, Ҳиндистон, Италия, Малайзия, Мальдив ороллари, Озарбайжон, Россия, Туркия, Хитой, Вьетнам каби турли мамлакатлар маҳсулоти тақдим этилган экспозицияларда тарихий ва маданий мерос, денгиз бўйи ҳамда тоғ курорти, гастрономик саёҳат ва соғломлаштириш дастурлари уйғунлашган.
Ўзбекистон эса барча 14 ҳудудимиз салоҳиятини хорижликлар эътиборига ҳавола қилмоқда. Буюк ипак йўли бўйидаги тарихий шаҳарлар, табиий масканлар, тоғ туризми, миллий таомлар ва ҳунармандлик намуналари мамлакатимиз салоҳиятини яққол намоён этади.
Биринчи Халқаро туризм инвестиция форумида давлат идоралари, халқаро молия институтлари, инвестиция компаниялари, қурилиш ташкилотлари ва меҳмонхона бизнеси вакиллари туризм инфратузилмасига сармоя жалб қилиш масалаларини муҳокама қилмоқда.
Бу борада республикамиз бозори ривожланиши жараёни эътиборга молик. 2026 йил январь-октябрь ойларида мамлакатимизга 11,6 миллион чет эллик келган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19 фоиз кўп. Туризм хизмати экспорти 49 фоиз ўсиб, 6,1 миллиард долларга етди.
Айни пайт юртимизда 31 меҳмонхона бренди фаолият юритмоқда. Янги мажмуалар қурилишини рағбатлантириш учун уч юлдузли меҳмонхонанинг ҳар бир хонасига 40 миллион сўм, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхонага эса 65 миллион сўм субсидия ажратиш механизми белгиланган. Солиқ имтиёзи ва қулай молиялаштириш имконияти ҳам мавжуд.
Шунингдек, 2026-2028 йилларда жойлаштириш воситаси ва туристик ҳудудлар ташкил этиш учун 5 000 гектар жойни электрон аукционга чиқариш режалаштирилган. Айрим лойиҳаларда давлат ер қийматининг 50 фоизигача миқдорини қоплайдиган капитал билан иштирок этиши кўзда тутилган.
Ярмарка дастуридан ўрин олган “Global Media Campus” ва “Smart Destination Hackathon” орқали туризмни халқаро миқёсда тарғиб қилиш, рақамли коммуникация ва соҳа учун замонавий технология ечими ишлаб чиқишга эътибор қаратилади. Хакатоннинг умумий мукофот жамғармаси 150 миллион сўм.
27 ноябрь куни форум доирасида БМТ Туризм ташкилоти билан ҳамкорликда “2027 йил – Халқаро барқарор ва бардошли туризм йили” ташаббуси расман очилади.
Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ушбу ташаббусни БМТ Бош Ассамблеяси 2024 йил 26 февраль куни 80 дан ортиқ давлат ҳаммуаллифлигида қабул қилинган резолюция билан қўллаб-қувватлаган. Халқаро йил доирасида туризмнинг барқарор иқтисодий тараққиётдаги ўрни, маданий ва табиий меросни асраш, глобал таҳдидга бардошни ошириш ҳамда маҳаллий аҳоли учун янги имконият яратиш масалалари илгари суриладиган маросимда Тошкент декларацияси ҳам қабул қилинади.
Пойтахтимиз уч кун давомида халқаро мулоқот, инвестиция ва янги ҳамкорлик имкониятини бирлаштирди. Анжуман нафақат мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини жаҳонга танитиш, балки истиқболли лойиҳаларга сармоя жалб этиш, Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш учун ҳам муҳим майдондир.
Мусулмон Зиё,
Отабек Мирсоатов (сурат),
ЎзА