Маҳаллада IT-шаҳарчаси очилди
Фарғона вилояти Ёзёвон туманининг чекка ҳудудларидан бири бўлган Қоратепа маҳалласида ёшларни ахборот технологиялари соҳасида ўқитишга ихтисослашган IT-шаҳарча фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, уларнинг юқори даромадли фаолият турларини эгаллаши учун шароит яратиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканини таъкидлади.

Айниқса, бугунги кунда ахборот технологиялари соҳаси жадал ривожланиб бораётганлигини қайд этиб, янги марказда ҳам юқори билим ва малакага эга мутахассислар етишиб чиқишига ишонч билдирди.

38 - умумтаълим мактабида очилган ушбу марказ туманда ташкил этилган иккинчи IT-шаҳарча бўлиб, унинг чекка ҳудудда фойдаланишга топширилиши маҳалла ёшлари учун замонавий билим ва касбларни ўзлаштиришда янги имкониятлар яратади.

Лойиҳани амалга ошириш учун 600 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Бир вақтнинг ўзида 110 нафар ўқувчи таҳсил олиши мумкин. Ҳозирнинг ўзида 300 нафардан ортиқ ёш марказ тўгаракларида шуғулланмоқда.

Марказда жаҳон меҳнат бозори талабларига мос сунъий интеллект, киберхавфсизлик, дрон технологиялари, компьютер саводхонлиги ва инглиз тили бўйича машғулотлар ташкил этилган.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА