Тошкент – Сирдарё темирйўли: йирик инфратузилма лойиҳасига асос солинди
Тошкент вилоятида транспорт инфратузилмасини тубдан яхшилаш, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий ва ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган яна бир йирик стратегик лойиҳага старт берилди.
Мазкур темир йўл тармоғи Нурафшон, Пискент, Бўка, Бекобод, Боёвут ва Янгиер йўналишидаги ҳудудларни қамраб олиб, Тошкент ҳамда Сирдарё вилоятлари ўртасидаги транспорт алоқаларини янги босқичга олиб чиқиши кутиляпти.

Шу муносабат билан ташкил этилган рамзий старт бериш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси Зуфар Нарзуллаев, тегишли бошқарма ва ташкилот раҳбарлари, соҳа вакиллари, нуронийлар, муҳандислар ва ишчи-хизматчилар иштирок этди. Тадбир давомида вилоят раҳбари лойиҳанинг техник ва иқтисодий кўрсаткичлари билан танишди.

Таъкидланганидек, мазкур темир йўл тармоғи Тошкент ҳамда Сирдарё вилоятлари ўртасидаги транспорт боғлиқлигини янада кучайтириш, аҳоли учун қулай ва замонавий транспорт хизматларини ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.

Лойиҳа доирасида умумий узунлиги 111 километр бўлган янги электрлаштирилган темир йўл линияси барпо этилади. Ушбу йўналишда тезюрар электропоездлар ҳаракатини йўлга қўйиш, йўловчи ва юк ташиш хизматларини самарали ташкил этиш, шунингдек, замонавий муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш режалаштирилган.

Қурилиш ишлари кўлами ҳам салмоқли. Хусусан, 7,8 миллион куб метр тупроқ ишлари амалга оширилади. Шунингдек, 1 та тортиш подстанцияси, 3 та темир йўл станцияси, 1 та тўхташ пункти, 15 та кўприк, 14 та йўл ўтказгич ҳамда қатор сунъий иншоотлар қурилиши назарда тутилган.

Лойиҳа юзлаб янги иш ўринлари яратилишига, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг ривожланишига хизмат қилади. Айниқса, ҳудудларнинг туристик жозибадорлиги ва ички иқтисодий интеграцияси учун янги имкониятларни очиб беради.
Миллий қадриятлар ва эзгу анъаналарга кўра, жонлиқ сўйилиб, қуръон-тиловатлар қилинди. Нуронийлар юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва бошланган хайрли ишларга омад тилаб, қўлларини дуога очди.
А.Мусаев, ЎзА