Ҳар бир оилага индивидуал ёндашув
Маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимининг муҳим бўғинига айланмоқда. Улар эҳтиёжманд оилаларга зарур хизмат ва ёрдамларни манзилли етказиш орқали инсон қадрини улуғлашга хизмат қилмоқда.
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Қаҳрамон маҳалласида фаолият олиб бораётган ижтимоий ходим Сайҳот Жаниева ана шундай фидойи мутахассислардан бири ҳисобланади. У қарийб икки йил давомида маҳаллада ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан ишлаб келмоқда.


Унинг фаолияти давомида кўриб чиқилган 123 та кейснинг 69 таси ижобий ҳал этилди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларининг қўшимча таълим олиши ва бандлигини таъминлаш мақсадида 4 та “кичик лойиҳа” амалга оширилди.


Олиб борилаётган ишлар натижасида эҳтиёжманд оилалар давлат эътибори ва ғамхўрлигини ҳис этмоқда.
Жумладан, Имона Нормаматова аввал уйда таълим олар эди. Ижтимоий ходим кўмагида у тиббий кўрикдан ўтказилиб, умумтаълим мактабининг инклюзив синфига жалб қилинди. Ҳозирда Имона тенгдошлари билан бирга таълим олмоқда.


Шунингдек, турмуш ўртоғидан айрилган Норфия Бекмурзаева яшаб келган уйнинг аҳволи оғир эди. Маҳалладаги ижтимоий ходим ва саховатпеша инсонлар ташаббуси билан унинг хонадони янгидан қуриб берилди.
Таъкидланганидек, бу каби манзилли ишлар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фаровонлигини таъминлаш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири