Тошкент шаҳридаги олийгоҳларда янги ўқув йилидан дарслар соат 08:00 да бошланиши белгиланди
Тошкент олийгоҳларида янги ўқув йилидан дарслар бошланиш вақти ўзгаради. Бу қарор шаҳар транспорт оқими ва талабалар кун тартибига қандай таъсир кўрсатади?
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим ташкилотларида биринчи сменадаги ўқув машғулотлари соат 08:00 да бошланади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур тартибни жорий этишдан мақсад пойтахтда транспорт оқимини самарали ташкил этиш, эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда йўллардаги юкламани камайтириш ҳамда таълим жараёнини янада мақбул ташкил этишга қаратилган.
Хусусан, дарс машғулотларининг эртароқ бошланиши олий таълим ташкилотларига қатнайдиган талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг ҳаракатланиш вақтини оқилона режалаштириш, кун давомида таълим жараёнини самарали ташкил этиш ҳамда шаҳардаги транспорт воситалари оқимини мақбуллаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, янги тартиб кундузги ва кечки таълим шаклларида таҳсил олаётган талабалар учун ўқув кунини тўғри режалаштириш, машғулотлар ва бошқа ўқув фаолияти учун вақт имкониятларини кенгайтириш имконини беради.
Маълум қилинишича, таълим ташкилотларида ўқув машғулотларини белгиланган вақтда бошлаш, ўқув жараёнини тегишли равишда ташкил этиш ҳамда талабалар учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилади.
Шербек Исломов, ЎзА