Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва АҚШнинг "Oppenheimer & Co." банки стратегик ҳамкорликни бошлади
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ҳамда АҚШнинг нуфузли "Oppenheimer & Co." инвестиция банкининг Европа, Яқин Шарқ ва Африка минтақаси бўйича бош ижрочи директори Макс Лами ўртасида бўлиб ўтган учрашувда томонлар стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзоладилар.
Мулоқот давомида Тошкентнинг халқаро капитал бозорларига чиқиш имкониятлари, жумладан, муниципал облигациялар чиқариш истиқболлари, йирик инфратузилма ва шаҳарсозлик лойиҳаларига инвестициялар жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантириш, халқаро молиялаштириш воситаларидан самарали фойдаланиш, шаҳар молиясини бошқаришда илғор хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда маҳаллий мутахассислар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзоладилар.

Қайд этилганидек, ушбу келишув халқаро молия институтлари ва инвесторлар билан алоқаларни кенгайтириш, Тошкентнинг инвестициявий салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда истиқболли шаҳар лойиҳаларини молиялаштириш учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА