“Синьхуа”: Евроосиё бўйлаб "пўлат карвонлар" ҳаракати кенгаймоқда
Хитойнинг Шеньян шаҳридан Москва томон йўлга чиққан навбатдаги юк поезди “Хитой-Европа” темир йўл йўналиши бўйича тарихий маррани забт этди, деб хабар бермоқда “Синьхуа” ахборот агентлиги.
Таъкидланишича, 2011 йилдан бери амалга оширилган умумий қатновлар сони 140 мингтадан ошиб, ташилган юкларнинг умумий қиймати 560 миллиард АҚШ долларидан ортган. Мазкур лойиҳа 2016 йилда ягона “China Railway Express” бренди остида бирлаштирилганидан буён ўтган ўн йил ичида шиддат билан ривожланди.
Миллий тараққиёт ва ислоҳотлар комиссияси маълумотларига кўра, йиллик қатновлар сони 2016 йилдаги 1 702 тадан 2025 йилга келиб 20 022 тага етди. Бу ҳар йили ўртача 30 фоиздан зиёд ўсиш демакдир. Ҳозирда атиги бир ойдаги юк ҳажми 2016 йилдаги бутун йиллик кўрсаткичга тенг келади.
“Бир макон, бир йўл” ташаббусининг энг йирик ва муҳим лойиҳаси ҳисобланган ушбу “пўлат карвонлар” Евроосиё қитъаси бўйлаб улкан логистика тармоғини барпо этди.
“Хитой давлат темир йўллари” хабарига кўра, ХХР ичида соатига 120 км тезликда ҳаракатланувчи 96 та мунтазам йўналиш 132 та шаҳарни бирлаштиради.
Ўлка ташқарисида эса шимолий, марказий ва жанубий йўналишлар орқали Европанинг 26 та давлатидаги 237 та шаҳарга ҳамда Осиёнинг 12 та мамлакатидаги 100 дан ортиқ шаҳарга хизмат кўрсатилмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА