Тошкент – Хива: масофа яқинлашди
Бугун Тошкент Марказий темир йўл вокзалидан илк қатновини амалга оширган “Жалолиддин Мангуберди” юқори тезликдаги электропоезди Хивага етиб келди.
Асрлар давомида карвон йўлларининг чорраҳаси бўлган, Қизилқум барханлари оша ҳафталаб йўл босилган масофалар кўз очиб юмгунча босиб ўтилмоқда.
Илгари темир йўл орқали Тошкентдан Хивагача бўлган 1022 километрлик масофани босиб ўтиш учун йўловчидан камида 14 соат вақт ва катта сабр талаб қилинар эди. Эндиликда эса Жанубий Кореянинг “Hyundai Rotem” компанияси билан ҳамкорликда олиб келинган замонавий поезд бу масофани бор-йўғи 7,5 соатда забт этди.
[gallery-29231]
– Соатига 250 километр тезликда ҳаракатланувчи ушбу “пўлат тулпор” чўл бағрини ёриб ўтиб, икки қадимий шаҳарни бир нафасда туташтирди, – дейди йўловчи Саломат Ражабова. – Бу нафақат тезлик, балки юртимизнинг иқтисодий ва туристик салоҳияти янги поғонага кўтарилганининг рамзидир. Очиғи йўл сафари қандай ўтганлигини ҳам унутиб қўйдик. Ортиқча шовқин ва силкитишлар йўқ. Ҳамма ёқ озода. Вагон кузатувчиларининг барчаси хушмуомала, ширинсўз. Эрталаб поездга чиқдик, қарабсизки мана тушликка етиб келдик. Мен ушбу электропозд қатнови йўлга қўйилганидан жуда хурсандман.
Еттита вагондан иборат таркиб 389 нафар йўловчини ўз бағрига олади. Маълумотларга кўра, илк қатновда ҳам поезд йўловчиларининг аксарияти хорижлик сайёҳлардан иборат бўлди. Рейс давомида Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарларида сайёҳларнинг айримлари тушиб, айримлари эса поездга чиқишган. Бу эса мазкур қатновнинг йўлга қўйилиши мамлакатимизда туристик инфратузилма янада мукаммаллашганини кўрсатади.
– Ўзбекистонга келиб, ўзимизнинг “Hyundai Rotem” поездида Хивага қараб йўлга чиққанимда, худди Кореядаги тезюрар поездларида кетаётгандек ҳис қилдим, – дейди кореялик сайёҳ Пак Санг Ву – Фақат дераза ортида Кореянинг яшил тоғлари эмас, афсонавий Қизилқум саҳроси намоён бўлиб турарди. Бу жуда ажойиб контраст бўлди. Хива – тирик тарих. Ушбу поезд эса шу тарихга олиб борувчи энг замонавий йўлдир. Эндиликда сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш янада жозибали бўлади.
Дарҳақиқат, ушбу поезд шунчаки замонавий транспорт воситаси эмас, балки мамлакатимизнинг кескин континентал иқлимига бардош бера оладиган муҳандислик мўъжизасидир. У Саҳронинг +50 даража жазирама иссиғида ҳам, қишнинг -40 даража қаҳратонида ҳам йўловчиларга бекаму кўст хизмат қилади.
Мазкур поезд давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан олиб келинган бўлиб, янги темир йўл йўналишлари қурилиб, электрлаштириш ишлари кенг кўламда олиб борилди. Ислоҳотлар тўхтаб қолмайди. 2027 йилдан бошлаб ушбу тезюрар поездлар қатнови Қорақалпоғистон республикаси Нукус шаҳригача узайтирилиши режалаштирилган. Бу дегани, Орол бўйи билан пойтахт орасидаги масофа ҳам худди шундай қисқаради.
Эндиликда юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳлар ушбу поездда Тошкентдан Хивага сешанба, пайшанба ва шанба ҳамда Хивадан Тошкентга эса чоршанба, жума ва якшанба кунлари ўз манзиллари томон ҳаракатланишлари мумкин.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари