Фахрий мақомини олганлар санаторий-курортларда бепул даволаниши мумкин
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Фахрийлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, ҳозирда фахрийлар учун яратилган имтиёзлар турли норматив ҳужжатларда белгиланган бўлиб, тарқоқ ҳолда амалга оширилиб келинмоқда. Шу боис, ушбу йўналишдаги ҳуқуқий ҳужжатларни ягона тизимга мужассамлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасида фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш назарда тутилган.
Хусусан, лойиҳа билан фахрийлар мақоми, тоифалари ҳамда масъул вазирлик ва идораларнинг ваколатлари белгиланмоқда. Фахрийларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси, имтиёз ҳамда кафолатлари мустаҳкамланмоқда.

Шунингдек, лойиҳага кўра, муайян бир соҳа, тармоқ ёки касбда узоқ йиллар мобайнида виждонан намунали меҳнат қилиш орқали давлат ҳамда жамият эътирофига сазовор бўлган жисмоний шахсларга фахрий мақоми берилиши кўзда тутилмоқда. Бу мақомни олган фуқаролар санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларида бепул даволаниш, уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация тўловларини олиш, солиқ ва пенсияга оид имтиёзлардан фойдаланиш каби ҳуқуқларга эга бўлади.
Шунингдек, фахрийларнинг амбулатор даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиши, маданият ва кўнгилочар муассасалар — спорт, театр, моддий маданий мерос объектлари ҳамда музейларнинг пулли хизматларидан имтиёзли фойдаланиши белгиланмоқда.
Лойиҳада назарда тутилаётган нормалар фахрийларга муайян имтиёз ва кафолатларни қонун билан мустаҳкамлашга, пировардида кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, фахрийларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатларни тартибга солади.
Муҳокамаларда лойиҳанинг муҳимлиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА