Давлат чегарасида 12 та яширин туннел аниқланган: эндиликда жавобгарлик кучайтирилмоқда
Сўнгги пайтларда давлат чегараси орқали яширин туннеллар қазиб, товар ва маҳсулотларни ташиш, ноқонуний олиб ўтиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Жумладан, 2016-2025 йиллар оралиғида 12 та ана шундай тунеллар аниқланган. Биргина Фарғона ва Андижон вилоятларида туннеллар орқали 30 миллиард сўмдан ортиқ товар яширинча олиб кирилган.
Эндиликда бу каби ҳолатлар — давлат чегараси орқали товар-моддий бойликлар, хорижий валюта, қимматбаҳо металлар ва бошқа предметларни ноқонуний олиб ўтиш, божхона назоратини четлаб ўтиш билан боғлиқ ҳолатлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айни масалаларга қаратилган.

Таъкидланагнидек, лойиҳага кўра, давлат чегараси орқали ер остида ноқонуний қурилган иншоотлар, туннеллар ёки бошқа инфратузилмадан фойдаланган ҳолда божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгиланмоқда. Давлат чегараси орқали ер остида ноқонуний қурилган иншоотлар ва туннеллардан фойдаланган ҳолда қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш, Ўзбекистон Республикасига кириш ёки давлат чегарасидан ўтиш учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Қонун лойиҳасида давлат чегараси орқали ер остида ноқонуний иншоотлар ва туннеллар қуриш, инфратузилма барпо этиш, улардан фойдаланиш ҳамда мазкур фаолиятни молиялаштириш учун ҳам алоҳида жиноий жавобгарлик таклиф этилмоқда.
Шунингдек, кимда-ким чегарадаги ноқонуний туннеллар ҳақида ўз ихтиёри билан хабар берса ёки жиноятни очишга ёрдам берса, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши белгиланяпти.
Муҳокамаларда қонун лойиҳасидаги нормалар давлат чегарасини мустаҳкамлаш, мамлакатда тинчлик-осойишталикни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланиб, депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА