Суд тизими вакиллари яшил ҳудуд барпо этишда иштирок этди
Шу кунларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламда давом этмоқда. Лойиҳа доирасида давлат идоралари ва ташкилотлари ходимлари кузги кўчат экиш, яшил ҳудудлар ҳамда «яшил белбоғ»лар барпо этиш ишларида фаол қатнашмоқда.
Хусусан, Олий суд жамоаси ҳам Тошкентнинг “яшил белбоғи”ни кенгайтиришга самарали ҳисса қўшди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Робахон Маҳмудова бошчилигидаги 200 нафарга яқин суд ходими Бектемир туманида дарахт кўчатларини экиш тадбирида иштирок этди.

Пойтахтнинг “яшил белбоғи”ни кенгайтириш доирасида ўрмон хўжалигига ажратилган 4 гектар майдонда 3 минг тупдан ортиқ дарахт кўчати экилди. Майдон атрофига терак, асосий қисмига эса катальпа, шумтол, заранг ва қайрағоч кўчатлари ўтқазилди. Дарахт турларини танлашда ҳудуднинг тупроқ таркиби, табиий хусусиятлари ва маҳаллий иқлим шароити ҳисобга олинди. Кўчатларнинг яхши мослашиши, тутиб кетиши ва барқарор ўсишига алоҳида эътибор қаратилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Олий суд жамоаси билан бирга шаҳар ҳокимлиги ходимлари, пойтахт туманлари ҳокимлари ва кўнгилли аҳоли вакиллари ҳам қатнашди.

Ушбу ташаббус орқали Олий суд ходимлари пойтахтда яшил ҳудудларни кенгайтириш, табиий ҳимоя ўрмонзорларини яратиш, чанг ва шамол таъсирини камайтириш ишларига ўз ҳиссасини қўшди.
Айни кунларда пойтахтнинг яшиллик даражасини ошириш ва экологик муҳитни яхшилашга қаратилган ишлар давом этмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА