Тошкент давлат стоматология институти талабаси Европа кариес тадқиқотлари ташкилотининг грантини қўлга киритди
Бу ҳақда институт матбуот хизмати раҳбари Шоҳинур Мирзаев хабар берди.
– Тошкент давлат стоматология институти 5-босқич талабаси Нозимжон Туйғунов жаҳондаги етакчи олимлар жамланган Европа кариес тадқиқотлари ташкилоти (European Organisation for Caries Research ORCA) нинг илмий грантини ютиб олди, – дейди Ш.Мирзаев. – Мазкур грант 2022 йилнинг июнь ойи охирида Италияда бўлиб ўтадиган халқаро конгрессда қатнашиш (авиабилет, турар жой) харажатларини тўлиқ қоплаб беради. Мазкур грант ҳар йили дунё бўйича 100 дан ортиқ талабгорлар орасидан 6-7 та номзодга берилади.
Европа кариес тадқиқотлари ташкилоти (ORCA) – 1953 йилда халқаро ташкилот сифатида ташкил этилган ва бутун дунёда кариесология соҳасидаги илмий тадқиқотларни амалга оширувчи, оғиз бўшлиғи саломатлигини тарғиб қилувчи илмий ташкилотдир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА