БМТ резолюцияси парламентлар учун муҳим сиёсий, ҳуқуқий йўналиш бўлади
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2026 йил 24 июль куни «Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш» номли резолюция қабул қилинди. Унинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулчеҳра Тожибоева ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— БМТ Бош Ассамблеясининг «Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш» резолюцияси бугунги мураккаб ва тез ўзгараётган дунёда парламентларнинг жамият тараққиётидаги ўрни ва масъулиятини яна бир бор аниқ белгилаб берди.
Мазкур ҳужжат ҳақида тўхталганда, аввало, бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим: ижтимоий ривожланишни таъминлаш фақат иқтисодий ўсиш ёки ижтимоий тўловларни кўпайтириш билан чекланмайди. Унинг замирида инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши, меҳнат қилиши, сифатли таълим олиши ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши учун зарур шароитларни яратиш каби кенг қамровли вазифалар мужассам.

Резолюцияда белгиланган камбағалликка барҳам бериш, тўлиқ ва самарали бандликни таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш ҳамда ижтимоий мослашувга эришиш каби устувор йўналишлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Чунки инсоннинг доимий даромад манбаига эга бўлиши, муносиб меҳнат қилиши ва жамиятда тенг имкониятлардан фойдаланиши унинг ҳаёт сифатини белгилайди. Шу маънода мазкур халқаро ёндашув Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг инсон қадри ва ижтимоий адолат тамойилларига асосланган мазмуни билан уйғун эканини алоҳида таъкидлаш ўринли.
Резолюциянинг энг муҳим жиҳатларидан бири парламентларга миллий қонунчиликни ижтимоий тараққиёт мақсадлари нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш вазифаси юклатилганидир. Бу бежиз эмас. Чунки парламентнинг асосий вазифаси фақат қонун қабул қилишдан иборат эмас. Ҳар бир қонуннинг ортида инсон тақдири, оила фаровонлиги, иш ўрни, таълим, соғлиқ, ижтимоий ҳимоя ва келажак масаласи турибди. Шунинг учун қонун ижодкорлигида «бу норма инсон ҳаётига қандай таъсир қилади?» деган савол доимо асосий мезон бўлиши керак.
Парламент аҳоли мурожаатларини ўрганиш, жойлардаги муаммоларни таҳлил қилиш, парламент назоратини кучайтириш орқали ижтимоий сиёсатнинг амалдаги натижадорлигини баҳолайди. Энг муҳими, фуқароларнинг муаммоси қонунчилик ташаббусига, қонунчилик ташаббуси эса аниқ ечимга айланиши керак.
Резолюцияда сифатли ва инклюзив таълим ижтимоий тараққиётнинг муҳим пойдевори сифатида эътироф этилгани ҳам катта аҳамиятга эга. Бугун таълимга киритилган сармоя — бу эртанги тараққиётга киритилган сармоя. Айниқса, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, уларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш, хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг имкониятларни кенгайтириш — барқарор ва адолатли жамият қуришнинг муҳим шартлари.
Яна бир муҳим масала — рақамли трансформация ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши. Технологиялар инсон ҳаётини енгиллаштириши, янги иш ўринлари ва имкониятлар яратиши билан бирга, янги ҳуқуқий ва ижтимоий хатарларни ҳам юзага келтирмоқда. Шу сабабли парламентлар олдида инсон ҳуқуқлари, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, рақамли хавфсизлик, сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш ва рақамли тафовутни қисқартиришга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий механизмларни яратиш вазифаси турибди.
Резолюцияда 2025 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси ўтказилгани ва Тошкент декларацияси қабул қилингани алоҳида эътироф этилгани ҳам Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга. Бу бир томондан мамлакатимизнинг парламентлараро мулоқотдаги фаол иштироки ва халқаро парламент дипломатиясидаги нуфузи ортиб бораётганини кўрсатса, иккинчи томондан, Тошкентда илгари сурилган инсон манфаатлари, барқарор тараққиёт ва ижтимоий адолатга қаратилган ташаббусларнинг халқаро майдондаги аҳамиятини намоён этади.
Менимча, мазкур резолюциянинг энг муҳим ғояси шундаки, парламент жамиятдаги ўзгаришларни кузатиб турувчи эмас, балки уларни қонунчилик орқали ҳаракатга келтирувчи муҳим куч бўлиши лозим. Бугун одамлар парламентдан фақат янги қонунлар эмас, балки ҳаётида сезиладиган натижаларни кутмоқда. Яхши қонун — бу қоғозда қолиб кетадиган ҳужжат эмас, балки инсоннинг ҳуқуқини ҳимоя қиладиган, унинг имкониятларини кенгайтирадиган ва ҳаётини яхшилайдиган самарали механизмдир.
Шу нуқтаи назардан, БМТнинг мазкур резолюцияси парламентлар учун муҳим сиёсий ва ҳуқуқий йўналиш вазифасини ўтайди. У бизга ижтимоий тараққиётнинг ҳақиқий мезони иқтисодий кўрсаткичлар билангина эмас, балки инсоннинг ўз ҳаётидан розилиги, муносиб меҳнат қилиши, сифатли таълим олиши, тенг имкониятларга эга бўлиши ва ўз келажагига ишонч билан қараши билан ўлчанишини яна бир бор эслатади.
Шу боис, парламентнинг ҳар бир ташаббуси, ҳар бир қонуни ва ҳар бир назорат тадбири марказида инсон манфаати туриши зарур. Зеро, кучли парламент — бу фақат самарали қонун қабул қиладиган парламент эмас, балки жамиятнинг овозини эшитадиган, муаммони кўрадиган ва унинг ечими учун масъулиятни ўз зиммасига оладиган парламентдир.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА