“Тошкент баҳори” VIII Халқаро опера ва балет фестивали бошланди
Шу кунларда пойтахтимиз яна жаҳон мусиқа санъати марказига айланди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри саҳнасида «Тошкент баҳори» VIII Халқаро опера ва балет фестивали бўлиб ўтаяпти.
Нуфузли фестиваль дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган таниқли санъаткорлар, дирижёрлар ва ижрочиларни бирлаштиргани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Фестивалнинг очилиши санъат, дўстлик, гўзаллик байрамига айланиб кетди. Ҳамюртларимиз ва хорижий меҳмонлар италиялик бир гуруҳ машҳур опера ижрочиларининг санъатидан баҳраманд бўлди.

Театрга туташ бўлган файзли фавворали сўлим хиёбон очиқ осмон остидаги улкан томоша майдонига айланди. Бетакрор гала-концет опера санъатининг беқиёс жозибаси, гўзал оҳанглар, жаҳондаги машҳур опера намуналарини тинглашга муваффақ бўлди.
Гала-концертда La Scala, Arena di Verona, Metropolitan Opera, Teatro Massimo вa Teatro Regio саҳналарида ижод қилаётган машҳур санъаткорлар иштирок этди. Дарио Ди Виетри, Жиованни Сала, Дизире Ранкаторе, Дейв Монако, Франческа Дотто, Эмануэле Кордаро, Альберто Газале, Жузеппе Тоиа, Тереза Иерволино каби машҳур опера юлдузларининг ижроси опера мухлисларида унутилмас таассурот уйғотиши билан бирга қалбларни завқ ва ҳаяжонга тўлдирди.

Гарчи опералар кўпинча итальян, француз ёки немис, инглиз тилларида куйланса-да, уни тушуниш учун тил билиш шарт эмас. Инсон овозининг тембри, мусиқанинг динамикаси ва ижрочиларнинг ҳис-туйғулари меҳр-муҳаббат, нафрат, хиёнат, қувонч ва қайғуни тилсиз ҳам юракка етказиб беради. Мусиқа — қалб тилига айланади.
Опера санъатидаги нодир дурдона асарлар, жумладан, «Травиата», «Тоска», «Риголетто» каби асарлар юзлаб йиллардан бери яшаб келмоқда. Улардаги мавзулар инсоний муносабатлар, муҳаббат ва фожиалар бугунги кунда ҳам долзарб. Ҳар бир ижрочи бу классик образларга янгича нафас ва ҳаёт бағишлайди.
Опера инсон қалбини тозалайдиган ва уни юқори ҳиссиётлар даражасига кўтарадиган жонли мўъжиза бўлгани сабабли ҳам ушбу санъат мамлакатимизда юксак қадрланади.
Айтиш керакки, опера санъати байрамига айланиб кетган катта концерт дастури жонли ижро, саҳна энергияси ва санъат байрами муҳитини ярата олди. 24 майга қадар давом этадиган ушбу нуфузли халқаро фестиваль доирасида жаҳон классик меросининг дурдоналари томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.
“Тошкент баҳори” фестивали юксак санъат байрами бўлиб, халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлайди ҳамда пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларига унутилмас таассуротлар туҳфа этаяпти.
Назокат Усмонова, ЎзА