Асосий эътибор муаммоларни ҳал этишга қаратилмоқда
Бугунги кунда одамларни ўйлантираётган масалаларга тезкор ечим топиш, улар билан мулоқот ўрнатиш, мавжуд камчилик ва муаммоларни батафсил таҳлил этиш масаласига устувор вазифа сифатида аҳамият қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова бир гуруҳ хотин-қизлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Мулоқот давомида ҳар бир мурожаатчи билан алоҳида суҳбатлашилди. Уларни қийнаётган масалалар, муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари, шу вақтга қадар кўрилган чоралар ва фуқаролар кутаётган амалий ечимлар батафсил тингланди.

Мурожаатлар ҳаётнинг турли жабҳаларига оид бўлди. Уй-жой ва ижтимоий ёрдам, бандлик ва ишга жойлашиш, оилавий муносабатлар ва ҳуқуқий ҳимоя, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимояланиш, соғлиқни сақлаш ва фарзандлар таълими, алимент ва болалар нафақаси каби йўналишлар шулар жумласидан.
Айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, боқувчисини йўқотган, фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган, соғлиғи ёки уй-жой билан боғлиқ мураккаб вазиятга дуч келган хотин-қизларнинг мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, ёш хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва таълим олиши учун имкониятларни кенгайтириш юзасидан таклиф ва мурожаатлар тингланди.
Ҳар бир мурожаат ортида ечим кутаётган ҳаётий масала бор. Уни эшитиш эса манзилли ечимга олиб борадиган биринчи қадам.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси хотин-қизлар билан бевосита мулоқотни кучайтириш, уларнинг муаммоларини жойида эшитиш ва амалий ечим топишга қаратилган ишларни давом эттираётгани эътиборга молик.
Н.Усмонова, ЎзА