Маҳаллабоп дастурлар – тараққиёт омили
Жиззах вилоятида аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурлар ижроси танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди. Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев раҳбарлигида ўтган йиғилишда “Ташаббусли бюджет” ҳамда маҳаллабоп дастурлар доирасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги атрофлича таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишнинг аниқ механизмлари белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, фуқароларнинг ташаббуслари асосида шакллантириладиган ва овоз бериш йўли билан сараланадиган лойиҳалар маҳаллаларда очиқлик, шаффофлик ҳамда жамоатчилик назоратини таъминлашнинг таъсирчан воситасига айланмоқда. Бу ёндашув аҳолининг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш билан бирга, маҳалланинг энг долзарб эҳтиёжларини манзилли ҳал этиш имконини ҳам бермоқда.
Шу кунга қадар “Ташаббусли бюджет” доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан 1 триллион 100 миллиард сўм йўналтирилиб, мингга яқин лойиҳа молиялаштирилди. Натижада вилоятдаги 241 та маҳалла фуқаролар йиғинида йўл, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий объектлар ва аҳоли турмушига дахлдор қатор инфратузилма масалалари босқичма-босқич ҳал этилди.
Йиғилишда амалий натижалар ҳам мисоллар орқали таҳлил қилинди. Хусусан, Шароф Рашидов туманидаги “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғини “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларида олти марта ғолиб чиққан. Бу орқали маҳалладаги барча шағал ва тупроқ йўллар тўлиқ таъмирланиб, аҳоли учун қулай транспорт муҳити шакллантирилди.

Камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Бу борада Пахтакор туманидаги “Боғишамол” маҳалласи тажрибаси самарали модель сифатида эътироф этилди. Маҳалладаги 100 та хонадонга томорқада иссиқхона ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар ажратилиши натижасида оилаларнинг йиллик даромади бир неча баробарга ошди. Етиштирилган маҳсулотларнинг экспортга йўналтирилаётгани эса маҳалла иқтисодиётининг барқарор ўсишига хизмат қилмоқда.
Шу муносабат билан барча шаҳар ва туман раҳбарларига ҳар бир ҳудудда даромад келтирадиган шундай лойиҳаларни кўпайтириш, айниқса ишсиз ёшлар, ҳарбий хизматдан қайтган фуқаролар ҳамда эҳтиёжманд оилаларни тадбиркорликка жалб этиш бўйича тизимли ишларни янада жадаллаштириш вазифаси юклатилди.
Мазкур вазифалар мамлакатимизда қабул қилинган Президентимизнинг 2024 йил 23-sentyabrdagi “Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган устувор йўналишлар билан ҳамоҳангдир. Мазкур қарорга мувофиқ, энг оғир аҳволдаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини кенгайтириш бўйича комплекс чоралар амалга оширилмоқда.

Йиғилишда қайд этилганидек, айнан шу дастур доирасида вилоятнинг 58 та оғир маҳалласида аҳоли томорқаларини сув ва электр энергияси билан таъминлаш учун 145 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Ушбу маблағлар эвазига сув иншоотлари, насос агрегатлари, қудуқлар, электр тармоқлари ва трансформаторлар барпо қилиниб, маҳаллаларнинг муҳандислик инфратузилмасини тубдан яхшилашга хизмат қилувчи муҳим объектлар ишга туширилди.
Шу билан бирга, инфратузилмани энергия тежамкор технологиялар асосида ривожлантириш масаласи ҳам танқидий муҳокама қилинди. Хусусан, қудуқ ва насосларни муқобил энергия манбаларига ўтказиш ишлари кутилган суръатда эмаслиги қайд этилди. Бугунги кунга қадар мавжуд иншоотларнинг атиги 16 тасида қуёш панеллари ўрнатилгани таъкидланиб, барча насосларни босқичма-босқич энергия тежовчи тизимларга ўтказиш бўйича қатъий вазифалар белгиланди. Бунинг учун зарур кадастр ҳужжатларини бир ҳафта муддатда расмийлаштириш масъул ташкилотларга топширилди.
Йиғилишда “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги маҳаллаларни шакллантириш ҳамда оғир тоифадаги ҳудудларни ривожлантириш дастурлари ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Маълум қилинишича, мазкур йўналишда 266 та объект учун 553 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Қурилиш ишларининг кечикишига сабаб бўлаётган омиллар ҳар томонлама таҳлил қилиниб, буюртмачи ташкилотлар ҳамда маҳаллий ҳокимликларга пудратчиларни тезкор аниқлаш, барча ташкилий масалаларни қисқа муддатларда ҳал этиш ва объектларни белгиланган муддатда фойдаланишга топшириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида шаҳар ва туман ҳокимлари, соҳа раҳбарлари ҳамда буюртмачи ташкилотлар зиммасига белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш, ҳар бир объектда қурилиш ишларининг сифати, муддати ва маблағлардан самарали фойдаланиш устидан доимий назорат ўрнатиш бўйича қатъий талаблар қўйилди.
Маҳаллабоп дастурлар, “Ташаббусли бюджет” ва “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижросининг уйғунлиги ҳудудларни комплекс ривожлантиришнинг муҳим омилига айланмоқда. Энг муҳими, бу жараён маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш билан чекланмай, аҳолининг доимий даромад манбаларини кенгайтириш, бандликни таъминлаш ва ҳар бир хонадон фаровонлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири