Тўрт нафар гўдак онасининг бағрига қайтди
Оилавий келишмовчиликлар баъзида энг нозик жиҳатларга, хусусан, фарзандидан айрилган ота-оналарнинг қалбига оғир жароҳат етказади. Айниқса, гўдакларидан тириклайин айрилиб, уларнинг ҳижронида ёниб юрган оналарнинг дарди чексиз. Ана шундай мураккаб ва тақдирлар кесишган ҳолатлардан бирида қонунийлик ҳамда инсонпарварлик тамойиллари устун келди.
Хонқа туманида яшовчи фуқаро Ш.С. оилавий келишмовчилик сабабли турмуш ўртоғи С.М.нинг уйини тарк этишга мажбур бўлган. Бироқ у вояга етмаган тўрт нафар фарзандини ўзи билан олиб кета олмагач, ҳақли равишда судга мурожаат қилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг ижро варақасига асосан, жавобгар С.М.нинг тарбиясида бўлиб келган вояга етмаган фарзандлар — 2015 йилда туғилган М.А., 2017 йилда туғилган М.А., 2020 йилда туғилган М.Ҳ. ва 2022 йилда туғилган М.М.ни онаси Ш.С. тарбиясига олиб бериш белгиланган эди. Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросининг Хонқа тумани бўлими иш юритувига келиб тушиб, дарҳол ижро ҳаракатларига киришилган.
Бюро томонидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари жараёнида жавобгар С.М. вояга етмаган 4 нафар фарзандини онасига ихтиёрий равишда топшириши юзасидан қонуний тартибда огоҳлантирилган.
Бироқ, ота фарзандларини онасига беришдан бош тортган. Шу сабабли, МИБ Хонқа тумани бўлими давлат ижрочиси Х.Исчанов томонидан жорий йилнинг 2 октябрь куни маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва холислар иштирокида чоралари кўрилди. Натижада 4 нафар вояга етмаган болаларнинг онаси бағрига қайтиши, яъни унинг тарбиясига олиб берилиши тўлиқ таъминланди.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА