Устоз – илм ва жасоратга чорловчи қалб эгаси
Илм — инсоният яратган энг буюк бойлик. Устоз эса ана шу бебаҳо хазинани авлоддан-авлодга етказувчи, қалбларга маърифат ва тафаккур нурини олиб кирувчи фидойи инсондир. Зеро, буюк кашфиётлар ортида — устоз сабоғи, юксак марралар ортида эса — мураббий меҳнати мужассам.
Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округида устоз ва мураббийларга бўлган юксак эҳтиромнинг ёрқин ифодаси бўлган байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда округ қўмондонлиги, ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар ишчи хизматчилари, фахрийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ҳарбий таълим шунчаки билим бериш эмас, балки Ватан ҳимоячисини тарбиялашдек улкан ва шарафли вазифадир. Бу жараёнда устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёс. Чунки ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, жанговар, психологик ва маънавий тайёргарлиги, турли халқаро мусобақаларда муносиб натижаларга эришаётгани замирида ҳам устоз ва мураббийларнинг заҳматли меҳнати, тажрибаси ва талабчанлиги мужассам.

Байрам тадбирида узоқ йиллар давомида шарафли хизмат қилиб келаётган фахрийлар ва устоз-мураббийларнинг фидокорона меҳнати алоҳида эътироф этилди. Уларнинг ёш авлод тарбиясига қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда ҳарбий таълим ва тарбия ривожига қўшган кўп йиллик хизмати учун фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди.

Тадбирнинг бадиий қисмида санъаткорлар томонидан устоз ва мураббийларнинг шарафли меҳнатини мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди. Таниқли эстрада хонандаларининг чиқишлари эса тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашиб, байрам шукуҳини янада оширди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири