МИБ: оила ярашди, кўнгилда меҳр уйғонди
Қорақалпоғистон Республикаси Фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг 2026 йил 9 сентябрь кунги суд буйруғига асосан Г.Ш.нинг фойдасига унинг тарбиясидаги икки нафар вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун қарздор Р.С.нинг ҳар ойдаги жами даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Ушбу суд буйруғи асосида Мажбурий ижро бюроси Кегейли туман бўлими давлат ижрочиси томонидан ижро иши қўзғатилди ва бу ҳақда қарздор яшайдиган ҳудуддаги “Қуёшли” маҳалла фуқаролар йиғини раисига хабар берилди.
Бўлимда давлат ижрочиси маҳалла раиси билан биргаликда ажрашган оилани яраштириш мақсадида қарздор ва ундирувчига тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада, тарафлар жорий йилнинг 30 сентябрь куни Мажбурий ижро бюросининг Кегейли туман бўлимига келиб, ҳозирги кунда бирга яшаётганлигини билдирган ва алимент ундириш ҳақидаги суд қарори ижросини тугатишни сўраб илтимоснома берилган.
Натижада вояга етмаган икки нафар фарзанд тўлақонли оилавий муҳитда вояга етадиган бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири