Тўрт фаслда бирдек иш режасида ишлаш доимий шиоримиз
Совуқ мавсум бошлангач хонадонларни иссиқлик билан таъминлашда кўмир маҳсулоти муҳим ўрин тутади. Шу боис унинг нархи, сифати, захираси ва аҳолига етказиб бериш тартиби ҳар йили жамоатчилик эътиборида бўлади. Айни пайтда соҳада янги бозор механизмларининг жорий этилиши кўмир савдосида рақобатни кучайтириш, истеъмолчиларга танлов имкониятини яратиш билан бирга, таъминот жараёнидаги ҳар бир иштирокчининг масъулиятини ҳам оширмоқда.
Мазкур жараёнлар ҳақида “Ўзбеккўмир” АЖ маркетинг ва маҳсулот сотиш бўлими етакчи мутахассиси Ҳожиакбар Жумабоевга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.
– Тизимдаги ўзгаришлар амалда қандай натижа беради ва аҳоли кўмирни қандай тартибда харид қилади?

– Аввало, бир жиҳатни инобатга олиш керак. Маҳсулот нархи 2019 йилдан буён деярли ўзгармаган бўлса-да, уни қазиб олиш ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ харажатлар мунтазам ошиб борди. Электр энергияси, ёқилғи, эҳтиёт қисмлар, техника таъмири, иш ҳақи ва бошқа харажатлар бундан мустасно эмас. Конларга янги техника олиш, мавжуд ускуналарни янгилаш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш учун ҳам маблағ зарур. Корхона фақат бугунги эҳтиёжни қондириш билан чекланиб қолмаслиги, эртанги кун учун ҳам ишлаши керак. Шу маънода нарх масаласига фақат истеъмолчи нуқтаи назаридан эмас, балки ишлаб чиқаришнинг барқарорлиги нуқтаи назаридан ҳам қараш лозим.
– Кўмирнинг бозордаги нархлари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга таъсири қандай ва уларга белгиланган тартибда имтиёзлар борми?
– Бозор механизмларига ўтиш ижтимоий ҳимоядан воз кечиш дегани эмас. Аксинча, ёрдамга муҳтож оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш назарда тутилган. Жорий мавсумда ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилаларга кўмир хариди учун компенсация ажратиш механизми белгиланган. Хусусан, бир тонна кўмир учун 300 минг сўм ҳисобида, жами 600 минг сўмгача компенсация берилиши кўзда тутилган.

Бу эҳтиёжманд оилаларнинг ёқилғи хариди билан боғлиқ харажатларини енгиллаштиришга қаратилган амалий ёрдамдир. Шу боис янги тизимни фақат нархларнинг ўзгариши билан баҳолаш тўғри эмас. Унда истеъмолчи танлови, тадбиркорлар ўртасидаги рақобат ва ижтимоий ҳимоя механизмлари биргаликда кўзда тутилган.
Илгари Ангрен кўмири ҳудудлар миқёсида битта ёки иккита туманга битта омбор орқали сотиларди. Натижада истеъмолчининг сотувчини танлаш имконияти чекланган эди. Кўп ҳолларда мавжуд омбордаги нарх ва хизмат кўрсатиш шартларига рози бўлишга тўғри келарди. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июлдаги “Кўмир саноатида бозор механизмлари жорий этилиши муносабати билан ижтимоий реестрга киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан жорий этилган янги тартибнинг муҳим жиҳати – соҳада рақобат муҳитини шакллантиришга йўл очилаётганидир.
Эндиликда ҳар бир ҳудуд бўйича камида учта тадбиркорлик субъекти фаолият юритиши учун шароит яратилиши кўзда тутилган. Бу бир ҳудудда бир нечта сотувчи пайдо бўлиши, уларнинг харидорни жалб қилиш учун нарх, хизмат кўрсатиш ва етказиб бериш шартлари бўйича рақобатлашишини англатади. Рақобат бўлса, танлов пайдо бўлади. Танлов эса, аввало, истеъмолчи манфаатига хизмат қилиши керак.
– Жамоатчилик томонидан нотўғри талқин ва тушунмовчиликлар сабаб кўмир сифати ёки нархидан норози бўлган истеъмолчи қаерга мурожаат қилиши лозим?
– Янги тартибнинг моҳиятини ҳали тўлиқ англаб етмаган, айрим жиҳатларидан норози бўлаётган истеъмолчилар ҳам бор. Ахир одамлар йиллар давомида бир хил тартибга ўрганган. Энди эса харид қилиш, сотувчини танлаш, буюртма бериш ва маҳсулотни етказиб олиш жараёнлари ўзгармоқда. Ҳар қандай янгиликнинг афзалликларини англаш ва ундан фойдаланишни ўрганиш учун вақт керак. Бизнинг вазифамиз эса аҳолига янги тизимни тушунтириш, уларнинг саволларига жавоб бериш ва юзага келаётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашишдан иборат.

“Ўзбеккўмир” АЖнинг асосий вазифаси – конларда кўмир қазиб олиш, уни саралаш, белгиланган сифат талабларига мувофиқ тайёрлаш ва тадбиркорларга юклаб жўнатиш. Яъни бизнинг масъулиятимиз кондан “Ангрен” кўмир йиғиш пунктигача бўлган ишлаб чиқариш ва юклаш жараёнини қамраб олади. Шундан кейинги ташиш, сақлаш, сотиш ва истеъмолчига етказиб бериш жараёнларида таъминот занжирининг бошқа иштирокчилари ҳам ўз масъулиятига эга. Бу масалада масъулият чегарасини аниқ тушуниб олиш зарур, деб ўйлайман.
Агар харидор кўмирнинг сифати ёки нархидан норози бўлса, биринчи навбатда маҳсулотни сотган тадбиркорга мурожаат қилиши керак. Тадбиркор ҳам харидор олдидаги масъулиятини ҳис қилиши, сотилаётган маҳсулотнинг сифати ва нархи бўйича зарур тушунтириш бериши шарт. Агар сунъий равишда нарх ошириш ёки асоссиз қимматлаштириш ҳолатлари кузатилса, Рақобат қўмитасига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоат бирлашмаларига ҳам мурожаат этиш имконияти бор.
– “Ўзбеккўмир” АЖнинг масъулияти айнан қайси босқични қамраб олади ва “mycoal.uz” платформаси аҳолига қандай қулайлик яратади?
– Бу борада тадбиркорлар ва истеъмолчилар билан зарур тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳудудларга чиқиб, жойлардаги муаммолар ўрганилмоқда. Шу билан бирга, таъминот занжирининг ҳар бир бўғинидаги иштирокчи ўз вазифасини сидқидилдан бажариши зарур. Зеро, кўмирни қазиб олишдан тортиб, уни истеъмолчи хонадонига етказиб беришгача бўлган жараённинг барча босқичлари ўзаро боғлиқ. mycoal.uz платформасининг энг катта қулайлиги эса уйдан чиқмасдан ҳам кўмир буюртма қилиш имкониятидир. Онлайн тарзда тадбиркорларнинг таклифлари билан танишиш, нархларни таққослаш, ўзига маъқул сотувчини танлаш ва буюртма бериш мумкин. Платформадаги маълумотлар асосида танлов қилиб, буюртмани расмийлаштириши мумкин. Шунингдек, маҳсулотни етказиб бериш шартлари билан ҳам олдиндан танишиш имконияти бор.

Албатта, тизимнинг тўлиқ самара бериши учун тадбиркорлар ҳам ўз вазифаларини масъулият билан бажариши, маълумотларни платформага ўз вақтида жойлаштириши ва буюртмаларни белгиланган тартибда бажариши зарур.
– Мамлакатимиздаги кўмир захиралари аҳоли ва саноат эҳтиёжларини таъминлаш учун етарлими?
– Таҳлилларга кўра, кўмирнинг умумий захиралари 2 миллиард тонна атрофида. Шундан қарийб 1,7 миллиард тоннаси Ангрен кўмир ҳавзаси ҳиссасига тўғри келади. Ангрен кўмир ҳавзаси мамлакатимиз ёқилғи-энергетика тизимида муҳим ўрин тутади. Бизнинг кўмир қўнғир кўмир турига киради. Унинг ўзига хос хусусиятлари бор: нисбатан юмшоқ, иссиқлик бериш қуввати айрим юқори калорияли тошкўмир турларига қараганда пастроқ. Аммо айнан шу хусусиятлари ва нархни жиҳатидан мақбуллиги уни аҳоли эҳтиёжлари учун муҳим ёқилғи турига айлантиради.
Юқори калорияли кўмир турлари эса, асосан, айрим саноат корхоналари, жумладан, ғишт ва цемент ишлаб чиқариш заводлари учун мақбул ҳисобланади. Қиш остонасида турган пайтимизда масъулият янада ортади. Аҳолининг кўмир билан таъминланиши, тадбиркорларнинг маҳсулотни ўз вақтида харид қилиши, юклаб жўнатиш ва етказиб бериш жараёнлари – буларнинг барчаси доимий эътиборни талаб қилади.
Ҳозир mycoal.uz платформаси билан ишлаш, тадбиркорлар билан мунтазам мулоқот қилиш, уларнинг мурожаатларини ўрганиш, ҳудудлардаги ҳолатни кузатиш ва юзага келаётган масалаларга ечим топиш каби вазифаларимиз бор. Баъзан бир масала ҳал бўлмасидан иккинчиси пайдо бўлади. Шунинг учун иш вақти билан чекланиб қолиш қийин. Меҳнатимиз самарасиз кетмайди. Зеро, биз учун энг муҳими – аҳолининг қишни хотиржам ўтказиши.
Суҳбатни Абдулазиз Мусаев ёзиб олди.
ЎзА.