Тўрақўрғонда мева-сабзавот экспорти давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Тўрақўрғон Наманган вилоятининг экспорт салоҳияти бўйича етакчи туманларидан. Бу йил жами 164 миллион 470 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган. Шундан 28 миллион доллари мева-сабзавот ҳиссасига тўғри келади.
Тўрақўрғонда етиштирилган мевалар Россия, Европа мамлакатлари, БАА, Қатар ҳамда МДҲ давлатларида айниқса, харидоргир.
Жорий йилнинг ҳозирги давригача 1700 тонна гилос, 1400 тонна ўрик, 150 тонна шафтоли, 150 тонна олча, 55 тонна қулупнай, шунингдек, 440 тонна помидор, 414 тонна саримсоқпиёз, жами 8224 тонна маҳсулот экспорт қилиниб, режа кўрсаткичи 12 миллион 353 минг долларга етказилди.
[gallery-29801]
Айни пайтда боғларда шафтоли мавсуми қизғин. Жумладан, “Gold fresh fruts” МЧЖдаги замонавий интенсив боғларда пишиб етилган мевалар пешма-пеш узилиб, музлаткич омборларга жамланмоқда. Сўнгра хорижий мижозларга юборилмоқда.
Ҳозирга қадар корхона томонидан 380 минг АҚШ долларилик 150 тоннадан ортиқ гилос ва ўрик экспорт қилинди. Энди эса шафтолининг эртапишар ва бозорбоп турлари йиғиб олинмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА