Оғуфурушлар қўлга олинди
Гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи жиноят гуруҳи фош этилди. Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари ўтказган тезкор навбатдаги тадбир натижасида оғуфурушлар далилий ашё билан ушланди.
Жорий йилнинг 21 май куни Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.
Унга кўра, Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидан ўтган “Фарғона-Тошкент” йўлида ҳаракатланган “Spark” русумли автотранспорт воситаси текширилганида 160 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. У тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди. Маълум бўлишича, ҳайдовчи асли наманганлик Н.М. ва жиноий шериги Андижон шаҳрида яшовчи Б.А. Фарғона вилоятидаги жиноий шериклари билан тизимли равишда Тошкент вилояти ва пойтахт ҳудудида гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланиб келган.
Ҳозир вилоят ИИББ томонидан уларга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
А. Мусаев, ЎзА