Қашқадарёда электр таъминотини яхшилашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда
Қашқадарё вилоятида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, тармоқлардаги технологик йўқотишларни камайтириш ҳамда мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда вилоятда 816 минг 679 нафар электр энергияси истеъмолчисига 204 та подстанция, 32,3 минг километр электр узатиш тармоғи ва қарийб 12 минг дона трансформатор орқали хизмат кўрсатилмоқда. Истеъмолчилар сонининг йил сайин ортиши электр тармоқларини модернизация қилиш ва қувватларни кенгайтиришни муҳим вазифага айлантирмоқда.



Шу мақсадда 2026 йил учун бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида юзлаб километр электр узатиш тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, трансформатор пунктларини янгилаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон қиёфаси” дастури ҳамда оғир тоифадаги маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чоралари доирасида янги трансформаторлар ва электр тармоқларини барпо этиш режалаштирилган.


Президентнинг Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қарори асосида ҳам электр таъминотини яхшилашга қаратилган кенг кўламли қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, минглаб километр электр тармоқлари ва юзлаб трансформаторларда мукаммал таъмирлаш ишлари режалаштирилган.


Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида 355 та маҳалладаги 260 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларининг электр таъминоти яхшиланиши, тармоқлардаги технологик йўқотишлар эса сезиларли даражада камайиши кутилмоқда.
Йил бошидан буён ҳам бир қатор амалий ишлар бажарилди. Жумладан, 1666,9 километр электр узатиш тармоғи ва 571 та трансформаторда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга, қатор инвестиция лойиҳалари доирасида юзлаб километр янги тармоқлар қурилиб, трансформаторлар модернизация қилинди. Тармоқларнинг ишончли фаолиятини таъминлаш мақсадида минглаб ташкилий-техник тадбирлар бажарилди.


Энергия самарадорлигини ошириш борасида ҳам ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, 664 та объектга умумий қуввати 29,3 минг киловатт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди. Бу эса электр энергияси истеъмолини қисқартириш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Олиб борилган ишлар натижасида ҳозирнинг ўзидаёқ 115 та маҳаллада яшовчи 55 мингдан зиёд аҳоли хонадонларининг электр таъминоти сифати яхшиланган.

Мурожаатлар билан ишлаш ҳам доимий эътибор марказида. Хусусан, Қарши шаҳридаги Чулқувар ва Отчопар маҳаллаларида аҳоли мурожаатлари асосида электр тармоқларини яхшилаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Янги трансформаторлар ўрнатилди, кабель тармоқлари тортилди, эски устунлар янгиланди ҳамда замонавий СИП кабеллари билан таъминлаш ишлари бажарилди.
Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ахборот хизмати раҳбари Баҳриддин Эсоновнинг таъкидлашича, электр тармоқларини модернизация қилиш ва аҳолини сифатли электр энергияси билан таъминлаш бўйича ишлар босқичма-босқич давом эттирилмоқда. Айниқса, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни ўрганиш ва уларга тезкор ечим топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса ҳудудларда электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз фаолият юритиши ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири