Тўқсонбости: Эрта ҳосил ва унинг агросирлари
Ўзбекистонда бу йил 117 минг гектардан ортиқ майдонга тўқсонбости экинларини экиш режалаштирилмоқда. Эрта баҳорда мўл ҳосил берадиган бу усулнинг сирлари нимада? Ушбу саволга мутахассис жавоб берди.
Тўқсонбости – кузда, одатда сентябрь-октябрь ойларида экилиб, баҳорда ҳосил берадиган қишлоқ хўжалиги экинлари. Улар қишнинг совуқ даврида тупроқ остида ривожланиб, эрта ҳосил учун замин яратади. Бундай экинлардан мўл ҳосил олиш учун агротехник қоидаларга қатъий риоя этиш талаб этилади. Тупроққа ишлов бериш, органик ўғитлаш, уруғ сифати, совуққа қарши чоралар ва тупроқ намлигини сақлаш каби омиллар ҳосилдорликни белгилайди. Тўқсонбости экинлари экиш сирлари юзасидан Ўзбекистон Фермерлар кенгаши мутахассиси Илҳомжон Солиев билан суҳбатлашдик.
–Илҳомжон ака, айтинг-чи республикамизда қанча майдонга тўқсонбости экинлари экилди ва деҳқонларимиз аввало бу борада нималарга эътибор қаратишлари керак?
–Йил бошида 100 минг гектар майдонга тўқсонбости экинларини жойлаштиришни режа қилган эдик. Август-сентябрь ойларида республикамиз фермер, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 43 минг гектардан зиёд майдонда пиёз экилди. Тўқсонбостидан олдин такрорий экинлар экилди. Бунда жами 875 минг гектардан ортиқ майдонга такрорий экинлар экилди. Ушбу экилган маҳсулотлар йиғиб олинмоқда. Фермерларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида кичик музлаткичлар, катта корхоналарга катта ҳажмдаги музлаткичларни ўрнатиб беряпмиз ва амалий ёрдам кўрсатяпмиз. Етиштирилган маҳсулотни сақлаб туриб, ички бозорга сотсак нархлар мўътадиллиги таъминланади.
Президентимизнинг ташаббуси ва бизга белгилаб берган вазифаларининг ижроси натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини арзонлаштирилган ярмаркалар орқали йил давомида сотишга эришилмоқда.
–Олдинги йилларга қараганда тўқсонбости экинларининг майдони кенгайдими?
–2025 йилда республикамиз бўйича август-сентябрь ойларида пиёз 41 минг гектарда экилган бўлса, ҳозирга келиб 43 минг гектардан ошди. Тўқсонбости экинлари 100 минг гектар бўлган бўлса, бу йил 120 минг гектардан оширишни мўлжаллаганмиз. Ерларимиз пахтадан қисқариб, кўпроқ сабзавот экишга йўл очиляпти. Кўпроқ экспортёр корхоналар билан ҳамкорликда маҳсулотни хорижга сотишга эришяпмиз.
–Бизнинг тўқсонбости экинларимиз экспорт талабларига мос келадими?
–Қозоғистон, Россия, кейин Европа давлатларига экспорт қиляпмиз. Масалан, Тошкент вилояти, Янгийўл туманида бир маҳалла кўкатчиликка ихтисослашган. Томорқа, қишлоқ хўжалиги ерларида маҳсулот йиғиб олинади ва четга экспорт қилиняпти. Ўз ўрнида ҳудуддаги тадбиркорлик ривожланяпти.
–Тўқсонбости экинларининг ҳам ўз агротехнологияси борми?
–Биринчи экишдан олдин тупроқни аввал экилган маҳсулотлардан тозалаш керак. Кейин сув тежовчи технологиялардан кўпроқ фойдалансак, яхши бўлади.
Деҳқончиликнинг илк қадами тўқсонбости усули билан маҳсулот экиш билан бошланади. Чунки, бу усулда экилган экинлар қиш давомида етарли намликни олади, қорларнинг тагида қолиб, жуда мустаҳкам бўлади, эрта баҳорда биринчи чиқадиган маҳсулот ҳисобланади. Дори ҳам, сув ҳам кўп талаб қилмайди.
Батафсил видеода.
Санжар Тошпўлатов,
Нишонбой Абдувоитов, Улуғбек Тўхтаев (видео),
ЎзА