Ўзбекистон - Россия: иқтисодий ҳамкорликда ҳудудлар ва бизнеснинг аҳамияти
Мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий алоқаларида савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва янги бозорларга чиқиш муҳим йўналишлар ҳисобланади. Бу жараёнда хорижий ҳамкорлар билан бирга ҳудудлар ва корхоналар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар ҳам аҳамият касб этади.
Ўзбекистон ва Россия иқтисодий муносабатларида савдо-сотиқ билан бир қаторда қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, технологик ҳамкорликни ривожлантириш ва ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борада соҳавий кўргазмалар корхоналар ўртасида бевосита мулоқотни йўлга қўйиш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш учун қулай майдон бўлиб хизмат қилади.
Жорий йил 25-27 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган “AgroExpo Uzbekistan-2026” халқаро кўргазмаси ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар ва салоҳиятли харидорларга маҳсулот ҳамда технология билан танишиш, ўзаро таклифларни муҳокама қилиш ва янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш имконини беради.
Ўзбекистон ва Россия ўртасида савдо ҳажми ўсмоқда
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик савдо-сотиқ, қўшма инвестициявий лойиҳалар ва ҳудудлараро алоқаларни қамраб олади. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми ўсиши ҳамда саноатнинг турли тармоқларидаги ташаббуслар ушбу ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўлиб қолмоқда.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йил икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш 13 миллиард долларга етган, Ўзбекистон экспорти 4,4 миллиард долларни ташкил этган. Товар айирбошлаш 8,4 фоиз, экспорт ҳажми 12,2 фоиз ўсган.
2026 йил январь-август ойларида икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 9,2 миллиард долларга етган. Россия Ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуровнинг айтишича, январь-июль ойларида савдо ҳажми 20 фоиз ўсиб, қарийб 7,5 миллиард долларни ташкил этган.
Ҳамкорлик доирасида саноат лойиҳаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2026 йил 6 октябрь куни Фарғонада ўтказилган Ҳукуматлараро комиссиянинг 27-йиғилишида кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотни қайта ишлаш ва металлга ишлов бериш соҳаларида умумий қиймати 350 миллион доллар бўлган 17 та қўшма лойиҳани ишга тушириш режаси маълум қилинди. Шунингдек, 2026-2040 йилларга мўлжалланган Илмий-технологик ривожланиш стратегияси имзоланди.
Иқтисодий алоқалар савдо ва саноат билан бирга туризм ҳамда ҳудудлараро ҳамкорликда ҳам намоён бўлмоқда. 2025 йил Ўзбекистонга қарийб 1 миллион нафар россиялик сайёҳ ташриф буюрган. Россиянинг 80 га яқин субъекти Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий, илмий-техник ва гуманитар алоқа ўрнатган.
Сўнгги ўн йилда икки давлат товар айирбошлаш ҳажми тўрт миллиард доллардан 13 миллиард долларгача ўсган, қўшма лойиҳалар портфели 50 миллиард доллардан ошган. Ҳудудлараро ҳамкорлик истиқболли йўналишлардан бири.
Пермь билан алоқалар ривожланмоқда
Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ўртасидаги иқтисодий муносабатларда саноат кооперацияси, технологик тажриба алмашиш ва корхоналар ўртасида тўғридан-тўғри савдо алоқаларини йўлга қўйиш муҳим ўрин тутади. Пермь ўлкаси билан ҳамкорлик ҳам шу йўналишда ривожланмоқда.
Аввалроқ Пермь ҳукумати Ўзбекистон Энергетика вазирлиги билан саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича илк йўл харитасини имзолаган. Нефть-газ ва кимё саноати, машинасозлик ҳамда юқори технологик ускуналар етказиб бериш истиқболли йўналишлар сифатида белгиланган. Айни соҳалардаги ташаббуслар қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва технологияни маҳаллийлаштириш учун ҳам имконият яратади.
Бизнес-миссиялар ва бевосита музокаралар иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиб, тадбиркорларга бозор талабини ўрганиш, салоҳиятли шериклар билан танишиш ва ўзаро манфаатли таклифларни муҳокама қилиш имконини беради.
“Деловая Россия” ташкилотининг Пермь минтақавий бўлими 2026 йил 19-23 октябрь кунлари мамлакатимизга бизнес-миссия ташкил этишини эълон қилган. Сафар дастури Пермь – Тошкент – Самарқанд йўналишини қамраб олган.
Тошкентда ўтказилган “Пермь – Ўзбекистон” бизнес-мулоқоти доирасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Тадбиркорларимиз Пермга таклиф этилган.
Учрашувлар чоғида иштирокчилар зарур маълумот алмашиб, музокарани давом эттиришга келишиб олган. Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида эса компаниялар эҳтиёжи муҳокама қилиниб, тижорат таклифларини ўзаро тақдим этиш масаласи кўриб чиқилган.
Делегация дастуридан технология паркига ташриф ҳам ўрин олган. У ерда маиший техника, лифт, эскалатор ва саноат ускуналари ишлаб чиқарилади. Ташриф давомида ишлаб чиқариш имконияти билан танишиш корхоналар ўртасидаги келгуси ҳамкорлик учун амалий асос яратиши мумкин.
“AgroExpo Uzbekistan-2026”: ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар мулоқоти
Ишлаб чиқарувчилар ва салоҳиятли харидорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот учун навбатдаги майдон “AgroExpo Uzbekistan-2026” халқаро агросаноат кўргазмаси бўлади. Тадбир 25-27 ноябрь кунлари Тошкентдаги Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида ўтказилади.
Кўргазма қишлоқ хўжалиги техникаси, ўсимликчилик, боғдорчилик ва чорвачилик йўналишларини қамраб олади. Ташкилотчилар ташриф буюрувчиларни рўйхатдан ўтказиш, кўргазма стендларини банд қилиш ва ишбилармонлик дастурида иштирок этиш имкониятини таклиф этмоқда. Ўзбекистон фермерлари, агрохолдинглари ва қайта ишлаш корхоналари учун тадбир турли ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари билан танишиш, техник хусусиятларни таққослаш, сервис хизмати ва етказиб бериш шартларини муҳокама қилиш имконини беради.
Россиянинг Ўзбекистондаги Савдо ваколатхонаси матбуот хизмати маълум қилишича, мазкур кўргазмада Россиядан “Ростсельмаш”, вазн ўлчаш ускуналарини ишлаб чиқарувчи “Тензо-М”, “Ярославич” компанияси ҳамда Пермь ўлкаси жамоавий экспозицияси иштирок этади.
Пермь стендида ветеринария препаратлари, қишлоқ хўжалиги техникаси, юклагич, тракторга ўрнатиладиган осма ускуналар ва бошқа жиҳозлар намойиш этилади. Ишбилармонлик дастуридан IX Халқаро паррандачилик форуми, III Миллий фермерлар форуми ва наслдор чорва моллари аукциони ўрин олган.
Кўргазма доирасидаги учрашувлар маҳсулот етказиб бериш шартларини муҳокама қилиш, ускуналарни маҳаллийлаштириш ва қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича имкониятни ўрганишга ҳам шароит яратади.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда “AgroExpo Uzbekistan-2026” каби соҳавий тадбирлар икки мамлакат корхоналари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундай ташаббуслар янги шериклар топиш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва ўзаро манфаатли лойиҳалар амалга ошириш учун замин яратади. Саъй-ҳаракатлар самараси эса эришилган келишувларнинг амалий натижасида намоён бўлади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА