Учрашув: электр энергияси таъминоти ва қўшма лойиҳалар кун тартибида
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, электр энергияси таъминоти барқарорлигини таъминлаш ҳамда минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш масалалари икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.
Айни шу масалалар бугун Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Шерзод Хўжаев ва Қирғиз Республикаси энергетика вазири Алтинбек Рисбеков ўртасида бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинди.
Учрашувда икки мамлакатнинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстона ва қардошлик муносабатлари, икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг сиёсий иродаси, ўзаро ишонч ва қўшма ташаббуслари энергетика соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бу эса минтақада энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратади.

Музокаралар давомида электр энергиясини ўзаро етказиб бериш ва транзит қилиш, Марказий Осиё ягона энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш, шунингдек, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида ҳамкорликдаги чора-тадбирларни мувофиқлаштириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Шунингдек, минтақавий энергетика инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган қўшма лойиҳалар, жумладан, “Қамбарота ГЭС-1” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан ҳам сўз юритилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида томонлар энергетика соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро манфаатли ташаббусларни илгари суриш ҳамда икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА