Тўққиз давлат Брюсселга қарши
Европа Иттифоқининг тўққиз мамлакати Брюсселнинг корпоратив автопаркларни электрлаштиришга қаратилган янги режасига қарши чиқди. Польша бошчилигидаги коалиция таркибига кирган Италия, Венгрия, Чехия, Руминия, Словакия, Болгария, Латвия ва Эстония ЕК таклиф қилаётган мажбурий квота бизнес учун ортиқча юк бўлишидан хавотир билдирмоқда.
Лойиҳага кўра, 250 ходимга ёки 50 миллион евродан кўп йиллик айланмага эга компаниялар автопарклари босқичма-босқич экологик транспортга ўтказилади. Брюссель 2030 йилга бориб янги харид қилинадиган аксар хизмат автомобилларини электр ёки бошқа кам чиқиндили машиналар ташкил этишини кўзламоқда.
Қарши давлатлар экологик мақсадни инкор этмаяпти, фақат айни жараёнда мажбурлаш эмас, рағбатлантириш механизми самаралироқ эканини таъкидламоқда. Шу боис мазкур мамлакатлар солиқ имтиёзи, молиявий қўллаб-қувватлаш ва техник ёрдам каби воситаларга кўпроқ эътибор қаратишни таклиф қилмоқда.
Муаммонинг яна бир томони инфратузилма билан боғлиқ. Айрим давлатларда электр қувватлаш шохобчалари етарли эмас, ижара бозори ривожланмаган ёки энергетика тизими ўзгаришга тўлиқ тайёр эмас. Яъни, бир хил талабни ҳамма давлатга татбиқ этиш тўғри эмаслиги таъкидланмоқда.
Муҳокама марказида кичик ва ўрта бизнес манфаати ҳам турибди. Расмий жиҳатдан тегишли талаб йирик компанияларга қўйилган бўлса-да, кўплаб кичик корхоналар транспортни лизинг орқали олади. Натижада янги қоида билвосита уларга ҳам таъсир қилади.
Еврокомиссия эса корпоратив автопарклар қитъа автомобил бозорининг асосий қисми эканини эслатмоқда. Таҳлилга кўра, янги рўйхатдан ўтаётган машиналарнинг қарийб 60 фоизи айнан корпоратив сектор ҳиссасига тўғри келади. Шу боис Брюссель соҳани яшил трансформациянинг асосий драйвери сифатида кўряпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА