АҚШ ва Эрон ҳарбий тўқнашуви
Форс кўрфазида АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик янги босқичга чиқди. Сулҳ битимига қарамай, томонлар бир-бирига зарба бергани минтақавий хавфсизликни жиддий хавф остига қўймоқда.
Ҳар икки давлат бир-бирининг ҳарбий манзилларига зарба берганини маълум қилди. Бу ҳақда “Euronews” ёзмоқда. АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълумотига кўра, “Эрон томонидан Кувайт ва Баҳрайн йўналишида учирилган 7 баллистик ракетанинг 6 таси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан йўқ қилинган, яна бири нишонга етиб бормай қулаган. Бундан олдин АҚШ ҳарбийлари Ҳурмуз бўғози ҳудудида Эронга тегишли 4 дронни тутиб қолган эди.
Бунга жавобан Америка кучлари Эроннинг Қешм ороли ва Горук ҳудудидаги қирғоқ кузатув радарларига зарба берган. Ҳужум пайти Кувайт ва Баҳрайнда хавф қўнғироғи янграб, портлаш овозлари эшитилган. Кувайт ҳарбийлари ракета ва дрон ҳужуми муваффақиятли қайтарилганини билдирди. Ўз навбатида, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси АҚШнинг Эрон ҳудудига берган зарбаларига жавобан, минтақадаги “душман базалари”га ракета ҳужумлари уюштирилганини эълон қилди.
CENTCOM ушбу ҳужумлар оқибатида америкалик ҳарбийлар орасида қурбонлар йўқлигини маълум қилди. Шунингдек, Баҳрайндаги АҚШ 5-флоти базасига зарар етказилгани ҳақидаги даъволар ҳақиқатга тўғри келмаслиги таъкидланди. Ушбу давлат Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг ракета ҳужумини кескин қоралаб, минтақа давлатлари суверенитетига таҳдид сифатида баҳолади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА