Томонлар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишни мўлжаллашмоқда
Жиззах политехника институтида ADB – Asian Development Bank (Осиё Тараққиёт Банки)нинг Филиппин давлатининг Манила шаҳридаги бош офиси ҳамда Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакилларидан иборат делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Унда иқлим ўзгаришига мослашув, барқарор шаҳарлар ривожи ва “яшил” инновацияларни ҳаётга кенг жорий этиш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Осиё тараққиёт банкининг иқлимга мослашув ва барқарорлик масалалари бўйича катта мутахассиси Окжу Жеонг хоним бошчилигидаги экспертлар ташрифи мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини кучайтириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида баҳоланмоқда.

Мулоқот чоғида иқлим ўзгаришининг глобал хавфларига қарши самарали ечимлар ишлаб чиқиш, шаҳар инфратузилмасини замон талаблари асосида такомиллаштириш ҳамда экологик барқарор ривожланишга хизмат қилувчи инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, қўшма илмий ва амалий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан ўзаро манфаатли таклифларни муҳокама қилди.

Учрашувда эришилган келишувлар мамлакатимизда “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий этишга қаратилган давлат сиёсати билан ҳамоҳангдир. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 4 октябрда қабул қилинган “2019 — 2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бу борадаги устувор вазифаларни белгилаб берган муҳим дастуриламал ҳужжат ҳисобланади. Мазкур қарорда иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва “яшил” технологияларни кенг татбиқ этиш асосий йўналишлар сифатида белгиланган.

Шу нуқтаи назардан, Жиззах политехника институти ва Осиё тараққиёт банки ўртасида йўлга қўйилаётган ҳамкорлик мазкур стратегик вазифалар ижросини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Айниқса, “Шаҳарлар учун иқлим ҳаракатлари режасини ишлаб чиқиш орқали иқлимга мос ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида ҳамкорлик қилиш бўйича эришилган келишув келгусида ҳудудларда замонавий экологик ёндашувларни қарор топтиришга замин яратади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири