Тиббиёт хабарлари
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов соҳага илғор халқаро ёндашувларни татбиқ этиш мақсадида тиббиёт технологияларини баҳолаш (HTA) бўйича мутахассис Гавин Саржей билан музокара ўтказди. Учрашувда республикамизда мазкур замонавий тизимни йўлга қўйиш, унинг зарур ташкилий тузилмасини муваффақиятли шакллантириш ҳамда хорижий тажрибани чуқур ўрганиш масалалари марказий ўрин эгаллади.
Мулоқот давомида дори воситаларининг клиник самарадорлиги ва иқтисодий жиҳатдан мақбуллигини холис баҳолаш, соғлиқни сақлаш тизими мавжуд ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда дори-дармон харажатларини қоплаш бўйича қарор қабул қилиш жараёнларини тўлиқ шаффоф ва илмий жиҳатдан пухта асосланган ҳолда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, томонлар HTA тизимини босқичма-босқич ривожлантириш, соҳа мутахассисларининг касбий салоҳиятини ошириш, тегишли вазирлик ва идоралар ўртасидаги узвий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда юртимизнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда энг самарали механизмларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан кенг кўламли фикр алмашиб, келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини келишиб олди.
***

Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги «Зарур амалиётлар маркази» давлат муассасаси вакилларидан иборат делегация ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари билан биргаликда Туркиянинг Дори воситалари ва тиббий буюмлар агентлиги (TİTCK) фаолияти билан яқиндан танишди.
Мазкур ташриф доирасида туркиялик ҳамкорларнинг GMP платформасини юритиш механизмлари, унда амалий қўлланиладиган замонавий рақамли ечимлар ҳамда дастурий маҳсулотлар чуқур ўрганилди. Шу билан бирга, TİTCK томонидан биологик фаол қўшимчалар, косметика маҳсулотлари муомаласи ҳамда клиник синовларни тартибга солиш жараёнларида фойдаланиладиган махсус IT-тизимларнинг ишлаш тамойиллари мутахассислар томонидан атрофлича кўриб чиқилди.
***

Шунингдек, Агентлик директори Абдулла Азизов Грузиянинг етакчи тиббий хизмат кўрсатувчи тузилмаларидан бири саналган «Georgia Healthcare Group» (GHG) вакиллари билан музокара ўтказди. Онлайн шаклда ташкил этилган мазкур мулоқотда хорижий томондан компания бош директори Ираклий Гогия, ташкилот вакили Тимоти Элсигуд ҳамда шифохоналарни ривожлантириш ва лойиҳаларни бошқариш департаменти директори Нино Сагареишвили иштирок этди.
Учрашув жараёнида тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, соҳада замонавий бошқарув тизимларини жорий этиш ҳамда шифохоналарни ривожлантириш бўйича ўзаро тажриба алмашиш масалалари диққат марказида бўлди. Хусусан, грузиялик ҳамкорлар ўз мамлакатларида клиникалар тармоғини кенгайтириш ва уларни самарали бошқариш борасида тўплаган амалий кўникмалари ва муваффақиятли тажрибалари хусусида батафсил сўз юритди.
Томонлар муҳокама қилинган муҳим жиҳатлар юзасидан ўз фикрларини билдириб, келгусидаги шерикликнинг истиқболли йўналишларини аниқлаштириш ҳамда икки томонлама алоқаларни изчил давом эттириш бўйича тегишли келишувга эришди.
***

Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда АҚШнинг жаҳонга машҳур Йель университети (Yale University) ўртасида янги форматдаги мулоқот бўлиб ўтди. Фармацевтика техник университети иштирокида ташкил этилган мазкур онлайн учрашувда тиббиёт ва фармацевтика йўналишларида академик шерикликни янада ривожлантириш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, мутахассисларнинг билим ва малакасини ошириш, шунингдек, шифокорлар ҳамда илмий тадқиқотчилар учун интенсив тренинглар, замонавий резидентура ва стажировка лойиҳаларини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, Фармацевтика техник университетининг талабалари ва профессор-ўқитувчилар жамоаси учун Йель университетининг илғор лабораторияларида амалий тажриба орттириш, нуфузли ёзги таълим дастурларида фаол қатнашиш имкониятлари хусусида батафсил сўз юритилди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА