“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонунга шарҳ тайёрланди
"Ўзбекистон Республикасининг «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонунига шарҳ" китоби тақдимоти ва жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.
Унда Олий суд, давлат органлари, судьялар ҳамжамияти, ҳуқуқшунос олимлар, халқаро ташкилотлар вакиллари ва тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги мутахассислар иштирок этди.
Олий суд, Осиё тараққиёт банки ва Конрад Аденауэр жамғармаси ҳамкорлигида тайёрланган, 820 саҳифадан иборат мазкур нашр давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил 12 апрелда имзоланган қонуннинг барча 17 бобини қамраб олган. Ҳар бир модданинг мазмун-моҳияти, ҳуқуқий мақсади, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ўзаро боғлиқлиги ва суд амалиётида қўлланилиши батафсил ёритилган.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова судлар тўловга қобилиятсизликка оид ишларни кўришда нафақат бузилган ҳуқуқларни тиклаши, балки таваккалчиликка кўра салбий молиявий ҳолатга тушиб қолган фуқаро ёки тадбиркорга ёрдам кўрсатишини таъкидлади. Уларнинг бизнес олами ва иқтисодий муомала муҳитига қайта интеграция қилинишига зарур ҳуқуқий шароитни яратади.

Миллий қонунчиликни такомиллаштириш, суд амалиётида ҳуқуқий аниқликни таъминлаш ва тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни самарали кўриб чиқишда мазкур нашрнинг аҳамияти беқиёс. Ушбу шарҳ қонун нормаларини амалиётда тўғри ва бир хил қўллаш, ҳуқуқий аниқликни таъминлаш, суд қарорларининг сифати ва барқарорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшади.
Тадбирда шарҳни тайёрлашда иштирок этган миллий ва хорижий муаллифлар, шунингдек, судьялар ҳамда соҳа мутахассислари китобнинг асосий мазмуни ва илмий-амалий аҳамиятини атрофлича ёритиб берди. Қонун нормаларини тўғри талқин қилиш, уларни амалиётда қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари, судларда юзага келадиган мураккаб ҳуқуқий масалалар ва уларнинг ечимларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шарҳда миллий қонунчилик, суд амалиёти, ҳуқуқий доктрина ва халқаро тажрибанинг ўзаро уйғунлаштирилгани, ҳар бир модданинг ҳуқуқий мазмуни ва уни қўллаш билан боғлиқ масалалар тизимли таҳлил қилингани қайд этилди. Хорижий экспертлар иштирокида халқаро тажрибанинг қамраб олиниши эса миллий ҳуқуқий тартиб-таомилларни халқаро ёндашувлар билан қиёсий ўрганиш ва келгусидаги ислоҳотлар учун муҳим хулосалар чиқариш имконини бериши таъкидланди.
«Суд назорати ва самарали тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари» мавзусига бағишланган сессияда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни қўзғатиш ва судда кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асослари, аризаларни қабул қилиш мезонлари, процессуал кафолатлар, шаффофлик талаблари ҳамда судларнинг адолатли, самарали ва ҳуқуқий жиҳатдан олдиндан башорат қилинадиган қарорлар қабул қилишдаги роли муҳокама қидилди.
Иккинчи сессияда Ўзбекистонда тўловга қобилиятсизлик институтини ислоҳ қилиш истиқболлари кўриб чиқилди. Хусусан, корхоналарни молиявий соғломлаштириш, тўлов қобилиятини тиклаш, судгача санация, суд санацияси, ташқи бошқарув, келишув битимлари ва жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлигига оид тартиб-таомиллар муҳокама қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА