Тўланмаган кредитлар ўрни гаровдаги мулклар ҳисобидан қопланмоқда
Мажбурий ижро бюросининг Навоий вилоят бошқармаси томонидан тижорат банклари фойдасига кредит қарздорликларини ундириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида бошқармага мазкур йўналишда жами 1 триллион 325 миллиард 166 миллион сўмлик 53 минг 146 та ижро ҳужжати келиб тушган ва тегишли ҳаракатлар бошланган.
Мазкур ҳужжатлар асосида олиб борилган тадбирлар натижасида 680,8 миллиард сўмлик 27 минг 794 та ижро иши тамомланди. Шундан 370,1 миллиард сўмлик 16 минг 756 та ҳужжат бўйича қарздорлик амалда ундириб берилди.
Жараён давомида умумий қиймати 706,1 миллиард сўм бўлган 1 минг 503 та мол-мулк хатланди. Хусусан, банклар фойдасига қарз ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари асосида 307,3 миллиард сўмлик 1 минг 87 та гаров мулки «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖ орқали электрон савдоларга чиқарилди.

Буни аниқ мисоллар орқали кўриш мумкин. Кармана туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 16 майдаги қарорига асосан, «Камрон Мир Агроэкспорт» масъулияти чекланган жамиятидан (корхона номи ўзгартирилган) «Микрокредитбанк» АТБ фойдасига 18 миллиард 642 миллион 222 минг 349 сўм кредит қарздорлигини ундириш белгиланган. Ижро доирасида гаровга қўйилган ва 7 миллиард сўмга баҳоланган, 1000 бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплекси тегишли тартибда аукцион савдосига қўйилди.
Шунингдек, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2025 йил 1 декабрдаги ижро ҳужжати асосида «Aмон Аср Тред» МЧЖдан (номи ўзгартирилган) Ўзбекистон Республикаси «Миллий банк» АЖ фойдасига 398 минг 25,89 АҚШ доллари миқдорида кредит қарздорлигини ундириш белгиланган. Ушбу ҳолатда ундирув «Навоий бўстон» МЧЖга қарашли, Навоий шаҳрининг Ўзбекистон маҳалласи, «Қизилқум» кўчасида жойлашган ва 394 минг 500 АҚШ долларига баҳоланган «Қаҳвахона» бино-иншоотига қаратилиб, мазкур мулк ҳам электрон савдога чиқарилди.
Банклар фойдасига кредит қарздорлигини ундириш бўйича аукцион савдоларига қўйилган мол-мулклардан 90 таси 23,6 миллиард сўмга сотилди. Тушган пул маблағлари тўлиқ ундирувчилар ҳисобига кўчириб берилди.
Вилоятда бу борадаги ижро ҳаракатлари изчиллик билан давом эттирилмоқда.
ЎзА