Двигатель поршени ичига яширилган наркотиклар
Гиёҳвандлик — инсон саломатлиги, оилалар осойишталиги ва ёшлар келажагига жиддий таҳдид. Унинг ноқонуний савдосидан манфаат кўзлаётган шахслар эса тақиқланган моддаларни яшириш ва мамлакат ҳудудига олиб кириш учун турли усулларни қўлламоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Хизматнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси, божхона ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ана шундай ҳолат аниқланди.
Мамлакатимизга кириш учун “Айритом” чегара божхона постига келган 1966 йилда туғилган Афғонистон фуқароси бошқарувидаги “Тойота” русумли автомобиль текширувдан ўтказилганда, унинг юкхонасида двигатель, поршень ва автоэҳтиёт қисмлари ичига хуфиёна яширилган қарийб 400 гр. “опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги маълум бўлди.
Тезкор тадбир шу билан якунланмади. Мазкур фуқаронинг Термиз шаҳрида вақтинча яшаб турган хонадони ҳам текширилди. У ерда бир нечта автомобиль эҳтиёт қисмлари ичига яширилган яна 848 гр. “опий” ҳамда 551 гр. “героин” топилди. Аниқланган ҳолатлар процессуал тартибда ҳужжатлаштирилди.
Кейинги ҳаракатлар ушбу гиёҳвандлик воситаларини мамлакатимизда қабул қилиб олиши керак бўлган шахсни аниқлашга қаратилди.
Тезкор тадбирлар давомида Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган шахс Шўрчи тумани ҳудудида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 28 орқали 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 6-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар. Гиёҳвандлик воситаларининг тарқатилиши билан боғлиқ шубҳали ҳолатларга бефарқ бўлманг. Бундай маълумотлар ҳақида зудлик билан ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг.
Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.
ЎзА