Миллатлар бирлиги ва юртнинг фахри
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида кенг қамровли ватанпарварлик байрам тадбири ташкил этилди.
Унда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондони, ҳудуддаги куч тузилмалари раҳбарлари, ҳарбий хизматчилар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев йиғилганларни улуғ сана билан самимий муборакбод этиб, давлат байроғининг халқимиз ҳаётидаги беқиёс ўрни, миллий бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги аҳамиятига алоҳида тўхталди.
Таъкидланганидек, давлат байроғи миллатнинг ғурури, халқнинг шаъни, озод ва обод юртнинг мустақиллик тимсолидир. Унда халқимизнинг асрий орзу-интилишлари, эзгу мақсадлари, тинчлик ва фаровонликка бўлган ишончи мужассам. Ҳар бир ҳилпираган байроқ қалбларда Ватанга муҳаббат, миллий ифтихор ва дахлдорлик туйғуларини янада юксалтиради.
[gallery-32528]
Тадбир давомида Нукус шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб тантанали марш юриши ташкил этилди. Унда давлатимиз байроғи юксак эҳтиром билан олиб ўтилди. Кўчаларга кўтаринки руҳ, қалбларга эса чексиз фахр ва ифтихор бағишлаган ушбу тантанали юриш халқимизнинг ягона Ватан атрофида жипслашганини, миллий қадриятларимизга садоқатини яна бир бор намоён этди.
Байрам тадбирининг бадиий қисмида куй-қўшиқлар, жўшқин чиқишлар ва ватанпарварлик руҳидаги концерт дастури намойиш этилди. Унда янграган Ватан мадҳияси, озодлик ва истиқлолни тараннум этувчи куй-қўшиқлар иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.
Тадбирнинг энг ҳаяжонли ва рамзий лаҳзаларидан бири — давлат байроғининг навбатдаги манзили Хоразм вилоятига тантанали равишда топшириш учун йўлга кузатилиши бўлди. Бу рамзий эстафета юртимиз ҳудудларини ягона эзгу мақсад, умумий ғоя ва Ватанга садоқат туйғуси атрофида бирлаштирувчи муҳим ташаббус сифатида алоҳида аҳамият касб этди.
Байроғимиз баланд бўлса, халқимизнинг руҳи баланд, бирдамлигимиз мустаҳкам бўлади. У шунчаки давлат рамзи эмас, балки кечаги тарихимиз, бугунги бунёдкорлигимиз ва порлоқ келажагимизни бирлаштирган муқаддас қадриятдир.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА