Тинчликнинг, ёруғ кунларнинг қадрига етайлик!
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ватанимизнинг тақдири, маънавий-маърифий ҳаёти, келажагига дахлдор икки муҳим ҳужжат имзоланди.
Булар “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги ҳамда “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги қарорлардир. Мазкур ҳужжатларнинг кетма-кет санада қабул қилиниши бежиз эмас.
Ватанимиз мустақиллигига 33 йил тўлмоқда. Унинг дастлабки йилларида туғилган ёшларимиз ҳаётига назар солсак, улар ҳаётдан ўз ўринларини топишиб, катта-катта муваффақиятларга эришаётганларини кўришимиз мумкин. Масалан, ёш ва моҳир адиб Жавлон Жовлиев маърифатпарвар боболаримизнинг илм истаб хорижга йўл олиши, уларнинг оғир изтиробли кунлари ҳақидаги “Қўрқма” романини китобхонларга тақдим этди. Мустақилликнинг яна бир тенгдоши Олимжон Тўйчиев эса Турин политехника университетига ректорлик қилмоқда.
Дарҳақиқат, бугунги кунда мустақилликнинг илк йилларида туғилган ёшлар Ватанимизнинг сарҳадларини ҳимоя қилаяпти, саноат конларида машинист бўлиб ишлаяпти. Улар юрт равнақига ҳисса қўшмоқдалар. Илм-фан, замонавий ахборот технологиялари, адабиёт, санъат, спорт, фермерлик, тадбиркорлик соҳаларида ўз билим ва иқтидорини намоён этмоқда.
Эндиликда ҳаётга катта куч бўлиб кириб келаётган ёшлар учун мустақиллигимиз, Ватан озодлигининг қадр-қиммати, аҳамиятини тушунтириш сув ва ҳаводек зарур эканини замоннинг ўзи кўрсатмоқда. Зеро, бундай дориломон кунларга етиб келишнинг ўзи бўлмаган. Осмонимизнинг мусаффолиги, тинч ва осойишта, ҳур ва озод кунларга эришиш маърифатпарвар аждодларимизнинг азалий орзуси эканини улғайиб келаётган авлодга англатиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Жадид боболаримиз умрини бағишлаган озод ва мустақил Ватан орзуси бундан 33 йил муқаддам рўёбга чиқди. Тараққийпарвар боболаримизнинг фаолияти, ҳаёти, мақсад-муддаолари, босиб ўтган аччиқ, изтиробли, аянчли тақдир йўлини ўрганиш масаласи кейинги йилларда устувор аҳамият касб этмоқда.
Учинчи Ренссанс пойдеворини барпо этишда жадид боболаримизнинг илмий-маърифий мероси муҳим асос эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Маълумки, мустақил давлат барпо этиш, истибдод тузумнинг кирдикорларига тик қараш, уларга қарши туриш эвазига маърифатпарвар боболаримиз ўзининг, яқинларининг, маслакдошларининг ҳаёти билан “хун тўлаганлар”, десак хато қилмаймиз.
Тарихдан аёнки, шўролар тузуми давридаги катта террор жадидларни, ҳур фикрлаган турли соҳа вакилларини қатағоннинг беаёв домига ташлаган. Айни пайтда “коллективлаштириш”, “қулоқлаштириш” каби шўролар даври тарихидаги “доғлар” миллионлаб оилалар, одамлар, хонадонларни ростмана хонавайрон, сарсону саргардон қилганини, бошига оғир кулфатлар солганини манбалардан яхши биламиз.
Бу борадаги тарихни ўрганиш, ҳақиқатни қарор топтириш янгиланаётган Ўзбекистонимизда маърифий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларда устувор ўрин эгаллайди. Зеро, бугунги авлод шундай ёруғ кунларнинг қадр-қимматини теранроқ англаб етиши ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари давлат музейи барпо этилди. Кейинги йилларда ушбу илмий муассаса фаолиятини давр руҳига ҳамоҳанг йўлга қўйиш борасида барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Архивларнинг эшиги тарихчилар, олимлар, экспертлар учун кенг очилди. Тадқиқотлар, илмий изланишлар, маърифий экспедициялар изланиши учун тегишли шароитлар яратилмоқда.
Қатағон қурбонлари давлат музейи, “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти ва бошқа кўплаб илмий тузилмалар томонидан тегишли ишлар, тадқиқотлар, тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда. Мавзуга доир маърифий платформалар яратилмоқда. Айни пайтда бундай тадбирлар соҳага алоқадор олимлар, илмий жамоатчилик, тадқиқот олиб бораётган ёшлар доирасида қолиб кетаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Юқорида номи келтирилган қарорга мувофиқ, яқин ўтмишнинг кўпчилик эътиборидан четда қолган саҳифаларини тиклаш, уни пухта ўрганиш, инсон шаънини энг олий қадрият билиш, ёшларда Ватан эртасига бўлган дахлдорлик туйғусини кучайтириш мақсадида сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тузилиши кўзда тутилмоқда.
Комиссия қатағон қyрбони бўлган шахсларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, уларни номма-ном аниқлаш, тарихий хизматлари ҳақидаги маълумотларни, архив ва музейлар, кутубхоналар ва турли фондларда сақланаётган ҳужжатларни тўплаш ва тадқиқ этиш, оммалаштириш учун ишчи гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш билан шуғулланади.
Шу билан бирга, қатағон қурбонларининг авлодлари, ўша давр воқеаларига гувоҳ бўлган инсонларнинг хотираларини ёзиб олиш, оилавий архив ва кутубхоналарда сақланаётган тарихий манбаларни, ноёб суратларни тўплаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, унинг ҳудудлардаги бўлимлари ҳамда Жадидлар мероси давлат музейининг мавзуга доир маълумотлар, ашёвий далил ва ҳужжатлар, бошқа тегишли экспонатлар билан мунтазам равишда бойитилишига алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, кўп жилдлик “Қатағон қурбонлари” китобини чоп этиш ҳамда уларнинг номларини Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасида барпо этиладиган рамзий китоб саҳифаларига киритиш ишларини давом эттириш, чет элдаги турли фондлар, архив, музей, кутубхона ва бошқа илмий-маърифий муассасалар ҳамда тегишли мутахассислар билан ҳамкорлик ўрнатган ҳолда, мавзуга оид илмий экспедициялар ташкил этиш, ёш авлодни Ватанимиз озодлиги йўлида жонини фидо қилган буюк аждодларимиз хотирасига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг жасорати ва ибратли фаолиятини тарғиб этишга оид маънавий-маърифий ишларни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.
Айни пайтда ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси мамлакатимизда Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида нишонланадиган бўлди. Қатағон қyрбонлари, жумладан, жадидлик ҳаракати намояндаларининг ибратли ҳаёти ва фаолияти халқимиз, айниқса, ёшлар орасида янада кенг тарғиб этилади.
Фанлар академияси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда Фанлар академияси Тарих институтининг “Jadidlar.uz” электрон платформасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва платформани янги электрон адабиётлар, тарихий манбалар, жадид матбуоти намуналари ва аудиовизуал маҳсулотлар билан бойитиб боради. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги таълим ташкилотларида ўтказиладиган “Мустақиллик дарслари” доирасида қатағон қyрбонлари, жумладан, жадидлик ҳаракати намояндаларига бағишланган ўқув машғулотлари ўтказилади.
Тегишли ташкилотлар томонидан қатағон қyрбонлари ва жадидлик ҳаракати вакиллари бўлган шахслар туғилиб ўсган, яшаган хонадонлар аниқланиб, уларда эсдалик лавҳалари ўрнатилади. Маҳаллаларда ва умумтаълим мактабларида тегишли тарзда “Қатағон қурбонлари хотираси бурчаклари”, стендлар ва бошқа кўргазмали воситалари ташкил этилади.
Бу борадаги ибратли ташаббусларнинг барчаси ёруғ ва фаровон кунларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, ёшларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, уларга истиқлолимиз, юрт келажаги учун масъулиятни тобора кучайтириш, аждодларимиз руҳини шод этиш, тарихий адолатни тиклашдек эзгу ва савобли мақсадларни кўзлагани билан аҳамиятли.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири