Ҳарбий хизматчилар ўртасида китобхонлик танлови – салоҳиятли, ватанпарвар кадрлар захираси шаклланади
Қарор ва ижро

Мамлакатимизда ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш йўлида мақсадли ишлар ташкил қилинмоқда, самарали ислоҳотлар олиб борилмоқда.Хусусан, ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги ташаббусларни илгари суриш устувор вазифа эканлиги Давлатимиз раҳбари томонидан таъкидлаб келинади.
Бу борада жорий йил 13 январь куни Президентимиз, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони раҳбарлигида ўтказилган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ҳарбий хизмат нуфузини янада ошириш ҳамда ёшларни жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш бўйича аниқ вазифалар берди. Мазкур жараёнда аҳоли ва ёшларимизнинг китобхонликка бўлган қизиқишини ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Жумладан, ҳарбий хизматчиларни китобхонликка бўлган қизиқишини янада ошириш, қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш бўйича самарали чора-тадбирлар кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбари бу каби ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йил 7 апрель куни миллий армиямизда китобхонликни оммалаштиришга қаратилган “Қуролли Кучлар тизимида республика китобхонлик танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги муҳим Тарихий қарорни имзолаб, муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ёшларга бир қатор имтиёз ҳамда кафолатлар белгилаб берди.
Қарорга кўра, жорий йилдан бошлаб, ҳар йили Қуролли Кучларда алоҳида 4 та асосий тоифа, яъни муддатли ҳарбий хизматчилар, контракт бўйича ҳарбий хизматчилар, олий ҳарбий ва олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари курсантлари ҳамда ҳарбий-академик лицейлар ўқувчилари ўртасида 4 босқичли “Маънавият қалқони” республика китобхонлик танлови ўтказилади.
Танловнинг биринчи босқичи ҳарбий қисм ва ҳарбий таълим муассасаларида, иккинчи босқичи ҳарбий округ, бирлашма ва қўшилмаларда, учинчи босқичи Қуролли Кучлар таркибидаги вазирлик ва идораларда ўтказилади.
Биринчи босқич, саралаш бўлиб, вазирлик ва идоралар тизимидаги ҳарбий қисмлар, ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларида ҳар йили сентябрь ойида бўлиб ўтади.
Бунда барча ҳарбий хизматчилар, курсантлар ва ўқувчилар ўртасида 50 та саволдан иборат тест синовлари ўтказилади ҳамда ғолиб бўлганлар иккинчи босқичда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Танловнинг иккинчи босқичи ҳарбий округ, бирлашма, бошқарма ҳамда қўшилмаларда октябрь ойида, учинчи босқичи эса вазирлик ва идоралар миқёсида ноябрь ойида ўтказилади.
Якуний, яъни Республика босқичи декабрь ойида ўтказилиб, унда саралаш босқичларида ғолиб бўлган ҳарбий хизматчилар ўзаро беллашади.
Энг қувонарлиси, Республика босқичининг 4 нафар тоифалар бўйича ғолибларининг ҳар бири Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг бош соврини, замонавий электромобиль ҳамда диплом билан тақдирланади.
Иккинчи ўринни эгаллаган ҳарбий хизматчиларнинг ҳар бири базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробари, учинчи ўрин эса 70 баробари миқдорида пул мукофоти ва дипломлар билан рағбатлантирилади.
Танловнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, якуний босқичда 1-2-3-ўринларни эгаллаган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг хизмат муддати 1 ойга қисқартирилади.
Танловнинг якуний, республика босқичининг барча ғолиб ва совриндорлари мукофотлари 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида тантанали равишда топширилади.
Мазкур танловни жорий этилиши натижасида “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мустаҳкам кафолатларидан бирига айланиб бораётган Қуролли Кучлар “маърифат маскани”га айлантирилади. Шу билан бирга, ҳарбий хизматчилар, курсантлар ва ўқувчиларининг мутолаа маданиятини ошириш орқали китоб ўқишга бўлган қизиқиши, ватанпарварлик туйғулари ҳамда жанговар руҳи кучайтирилади.
Натижада Ватан ҳимоячиларининг маънавий-ахлоқий тайёргарлиги янги босқичга олиб чиқилади. Бу эса ҳарбий хизматчиларнинг касбий, интеллектуал ҳамда маънавий салоҳияти ошишида муҳим асосдир.
Хулоса қилиб айтганда, Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган муҳим тарихий қарорлар муддатли ҳарбий хизмат нуфузи ва жозибадорлигини янада ошириб, Миллий армиямизни ёшлар учун чинакам “Ҳаёт мактабига” айлантиради.
Муддатли ҳарбий хизмат энди фақат жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик эмас, балки ёшларимиз учун ҳаётдаги муваффақият йўлига айланиб, уларни жамиятда ўз ўрнини топишлари учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Энг асосийси, Янги Ўзбекистонимиз тараққиёти учун юқори билим, малака ва интеллектуал салоҳиятли, ватанпарвар кадрлар захираси шаклланади.
Азизжон РАВШАНОВ,
Мудофаа вазирлиги МА бўлим бошлиғи ўринбосари