Тил — миллатнинг руҳи
Шу кунларда 21 октябрь — Ўзбек тили байрами муносабати билан жойларда турли кўринишдаги байрам тадбирлари, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон «Адолат» СДП ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамкорлигида «Тил — миллатнинг руҳи!» шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми, миллий ўзлик ва маънавий қадриятларни асраб-авайлаш, она тилининг бойлиги ва жозибасини кенг тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, тил — миллатнинг тарихий хотираси, маданияти ва дунёқарашини авлоддан авлодга етказувчи бебаҳо хазина. 1989 йил 21 октябрда «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани, 2019 йилдан буён эса мазкур сана Президент фармони билан расман Ўзбек тили байрами куни сифатида нишонланиб келинаётгани она тилимизни давлат тили сифатида асрашга қаратилган тарихий воқеалардан.
Тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек тилининг нуфузини ошириш, уни асраб-авайлаш ҳамда келгуси авлодларга безавол етказиш ҳар бир фуқаронинг муҳим вазифаси эканлигини алоҳида таъкидладилар.
М.Комилова, ЎзА