Тил байрами кенг нишонланмоқда
Юртимиз бўйлаб "Ўзбек тили байрами куни" муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда она тилимиз миллатимиз бойлиги, миллий ўзлигимиз ва қадриятларимизнинг муҳим ифодаси эканлиги алоҳида урғуланмоқда.
Божхона институтида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда ҳам она тилимизни асраб-авайлаш ва келажак авлодга бой маънавий мерос сифатида етказиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
“Давлат тили – миллат руҳи ва ғурури” мавзусида ташкил қилинган тадбирда Божхона қўмитаси вакиллари, соҳа фахрийлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоирлар ва актёрлар, шунингдек, институт профессор-ўқитувчилари ва курсантлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар она тилимизнинг бойлиги, кенг имкониятлари, миллатимизнинг маънавий мероси эканлигини алоҳида эътироф этдилар. Ўзбек тили миллий ўзлигимиз ва миллатимиз барҳаётлигининг тимсоли сифатида асрлар оша сайқалланиб, янада бойитиб келинмоқда. Она тилимизни асраб-авайлаш, бойитиш, софлигини сақлаш бугунги авлоднинг, ҳар биримизнинг вазифа ва бурчимиз эканлиги таъкидланди.
Тадбир давомида Божхона қўмитаси томонидан “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс сари!” шиори остида ташкил этилган шеърият ва иншолар танлови ғолиблари тантанали равишда тақдирланди.

Шунингдек, тадбирнинг бадиий қисмида Божхона институтининг Ашула ва рақс ансамбли хонандалари ҳамда курсантлари томонидан маърифатпарвар адибларнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
М.Комилова, ЎзА